Қозоғистонда ватанига қайтарилган “Исломий давлат” жангарилари жамиятга қайта интеграция қилиняптими?

Қозоғистоннинг шимоли-ғарбидаги Ўрал шаҳрида рус тилида таҳсил олаётган 13 ёшли Асан тўртинчи синфда ўқиётган синфдошларидан камида уч ёш катта. Аммо Асан ва унинг синфдошлари ўртасидаги энг катта фарқ бу эмас.

Асан икки йил олдин Суриядан ватанига қайтарилган ва қариндошлари, ўқитувчилари ва Қозоғистон ҳукумати назорати остида аста-секин тинч ҳаётга ўрганмоқда.

Асаннинг ота-онасини “Исломий давлат” (ИШИД) жангари гуруҳи ёллаган. Уларнинг иккиси ҳам Асаннинг акаси Амза билан бирга Сурияда ўлганига ишонилади.

Бувиси сўзларига кўра, Асан ҳали ҳам Суриядаги даҳшатлар – ўлим, зўравонлик ва ҳаво ҳужумлари хотиралари билан яшамоқда.

Аммо Асан синфдошларига ота-онаси Сурияда яшагани ҳақида айтгани йўқ. Ўқитувчилари уни мактабда безорилар ҳужумларидан ва таҳқирланишдан ҳимоя қилиш учун ҳозирча унинг “ўтмишини” сир тутишга қарор қилган.

Асан Сурияда отаси ва акаси билан бирга. Уларнинг иккиси ҳам Сурияда ҳаво ҳужумлари ортидан ўлганига ишонилади.

Оиланинг илтимоси билан ва уларнинг шахсий ҳаётини ҳимоя қилиш учун Озодлик Асан ва унинг қариндошлари исмларини ўзгартирди.

Асан 2019 йилда Суриядаги курдлар назорати остидаги қочқинлар лагеридан Қозоғистонга олиб келинган. Ҳозир уни 60 ёшли бувиси Асел катта қиляпти.

Қозоғистон “Жусан” номи берилган беш босқичли амалиёт доирасида Суриядан юзлаб фуқаросини ватанига қайтарди. Амалиёт жорий йил бошида ўз якунига етди.

Қайтарилган болалар сони 400 дан 600 гача экани, улар орасида ўнлаб етим борлиги тахмин қилинмоқда. Алоҳида амалиёт доирасида яна 14 нафар қозоғистонлик бола Ироқдан олиб келинди. Уларнинг оналари ИШИД аъзоси бўлгани учун қамалган.

Ўшандан бери Қозоғистон ватанига қайтарилганларни қайта интеграция қилиш ва янги ҳаётга мослашишда уларга ёрдам бериш учун чора-тадбирлар кўра бошлади.

Жараёнга жалб қилинган мутахассисларнинг таъкидлашича, Асаннинг ёшидаги болаларни реабилитация қилиш айниқса қийин кечмоқда, чунки улар ўз кўзлари билан кўрган даҳшатларни эслаб қолишган.

Ҳукумат ватанига қайтарилганлар учун махсус реабилитация марказларини яратиб, уларга психологлар, шифокорлар, ўқитувчиларни ва бошқа мутахассисларни жалб қилди. Қайтиб келганлар ушбу марказларда муайян муддат яшагач, қариндошлари ёнига қайтдилар.

Ишонч қозониш

Асан реабилитация марказида қарийб бир йил вақт ўтказди. Бу марказларга болаларнинг руҳий жароҳатларини даволаш учун психологлар жалб қилинди.

“Болалар ишончини қозониш жуда мушкул бўлди, чунки уларнинг аксарияти [уруш ва ИШИД зулмига гувоҳ бўлгани сабабли] ўзларини жуда тажовузкор тутдилар”, деди қайтиб келганлар билан ишлаган психолог Сауле Муканова.

“Бошида [катта ёшдаги] болалар бизга тажовузкор бўлдилар. Улар бизни “кофирлар” деб атаб, ҳатто тош отишарди”, деди Муканова Озодлик билан суҳбатда.

Муканованинг айтишича, баъзи болалар бошида “уларга бирор нарса ёқмаса, буни кўрсатиш учун” ўзини шикастлаган.

Муканова дастлабки иккиланишларга қарамай, аксарият болалар янги муҳитни қабул қила бошлашлари учун бир неча кун керак бўлишини айтди.

“Дастлаб болалар тўқ ранглардан фойдаланиб, танк, қурол, бомбаларни чизишди. Айримлари танасидан жудо қилинган оёқ-қўлларини чизди. Аммо кейинчалик бошқа нарсаларни чизишни бошладилар, қувноқ, ёрқин рангларга ўтдилар”, дейди психолог.

Унинг айтишича, катта ёшдагиларга ИШИД мафкураси ўргатилган ва улар ҳарбий қуроллардан фойдаланиш, қуролларни сочиб, қайта йиғиш каби дастлабки ҳарбий тайёргарликдан ўтган.

Минтақадан олинган хабарларга кўра, ИШИД назоратидаги баъзи ҳудудларда барча, шу жумладан, болалар учун гуруҳ амалга оширган каллакесарлик видеоларини кўриш мажбурий бўлган.

Ёдгор

Асан Суриядан қайтиб келганида на ўқий олган, на ёза олган. Уни мактабга тайёрлаш учун реабилитация марказида махсус дарслар ўтказилган.

Реабилитация марказларидаги дастурлар ватанига қайтарилган болаларни яна ўз қайта болаликка қайтаришга қаратилган: у ерда болалар ўйнаш, сузиш, расм чизиш, уй вазифаларини бажариш ва телевизор томоша қилиш билан шуғуллана бошлайдилар.

Орадан икки йил ўтиб, Асаннинг бувиси айтишича, у бир-бир ваҳимага тушади. Самолёт овозини эшитганида стол тагига яширинади. “Жиддий” юзли одамларни кўрганда улар “ўзини калтаклашлари мумкинлигини” айтиб, саросимага тушади.

Асел неварасига эндиликда у ғамхўр қўлларда, ўз уйида, хавфсиз эканини доим эслатиб туриш кераклигини айтди.

“Мен унга ҳеч кимга бермаслигимни айтсам, у мендан “Аниқми?”, деб сўрайди”

Асаннинг онаси Айгул Аселнинг ягона фарзанди бўлган. Айгул ўқишини ташлаб, турмушга чиққан ва икки фарзанд кўрган.

Интернетда радикаллашгани айтилаётган Айгул ва унинг оиласи 2014 йилда қариндошларининг огоҳлантиришига қарамай, Сурияга ИШИД сафига қўшилиш учун борган. Асан уни уруш зонасига олиб боришганида 6 ёшда бўлган.

2017 йилда Асел қизи, куёви ва уларнинг тўнғич ўғли ҳаво ҳужумларида ўлдирилганидан хабар топган.

Кейинроқ “WhatsApp”да бегона одамлар юборган хабарлар орқали невараси тирик экани, қарийб икки йилдан бери оиладан оилага, бошпанадан бошпана кўчиб юргани ҳақида билиб олган.

Асанга қараган оилаларнинг баъзилари рус тилида, айримлари араб тилида сўзлашувчи чет элликлар эди, деб эслайди Асел.

Асан алалоқибат қочоқлар лагерига юборилган ва у ерда уни Қозоғистон расмийлари олиб кетган. У Суриядан уйига қайтарилган биринчи қозоғистонликлардан бири бўлди.

Назорат остида

Қозоғистон ҳукуматининг ўз фуқароларини Сурия ва Ироқдан ватанига қайтариш ва уларни жамиятга қўшиш қарорига постсовет республикада турлича муносабат билдирилди.

Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси маълумотига кўра, 2013 йилдан кейин камида 870 нафар қозоғистонлик Сурияга кетган бўлиб, уларнинг аксарияти ёш бола бўлган. Аммо ИШИД сафларига қўшилиш учун кетган қозоғистонликларнинг аниқ сони ҳануз маълум эмас.

Баъзи қозоқлар ИШИДга қўшилганларга ишонмаслик керак, деб ҳисоблайди. Қозоғистонга қайтиб келганлардан бири одамлар уни “экстремистик мафкурадан” воз кечгани ёки йўқлиги ҳақида сўроқ қилишлари ҳамда уни “вақт бомбаси” деб аташларини сўзлаб берди.

Бошқалар эса қозоғистонликларни ватанига қайтариш дастурини қўллаб-қувватлади. Улар Сурияда қолиб кетган Қозоғистон фуқаролари келажакда мамлакат хавфсизлигига катта таҳдид туғдиришини, уларнинг болалари янги авлод экстремистлар бўлиб етишиши мумкинлигини айтишди.

Аммо ҳамма Қозоғистон олдида ватанига қайтарилганларни реабилитация қилишдек узоқ, мураккаб ва оқибати номаълум вазифа турганини яхши тушунади.

Экстремизм масалалари бўйича мутахассис Иқболжон Мирсаитовнинг айтишича, болаларни реабилитация қилиш айниқса нозик жараён бўлиб, буни амалга оширишга нафақат уларнинг оилалари ва ўқитувчилари, балки уларнинг синфдошларининг ота-оналари ҳам кўмаклашиши керак.

“Бир аёл менга боласи собиқ террорчилар ва экстремистларнинг фарзандлари билан бир синфда ўтиришига қарши эканини айтди. У хавотирда”, дейди Мирсаитов.

“Мен ота-она сифатида унинг ташвишларини тушунаман. Аммо изоляция охир-оқибат яна радикаллашувга олиб келади. Бунинг ўрнига, болаларни изоляциядан чиқариб олиш ва улар ўзларини изоляция қилишларига йўл қўймаслик керак”, деди Мирсаитов Озодлик билан суҳбатда.

“Бу жуда катта вазифа, аммо буни қилиш керак. Бошқа йўл йўқ”, деди мутахассис.