Остонадаги жиноят ишлари бўйича туманлараро суди ўз хотини Салтанат Нукеновани азоблаб, ўта шафқатсизлик билан ўлдирганликда айбланган собиқ иқтисодиёт вазири Қуандиқ Бишимбаевни 24 йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарди, дея хабар қилди Озодликнинг қозоқ хизмати.
Жиноятни яширганликда айбланган Бақитжан Байжанов (Бишимбаевнинг қариндоши) тўрт йилга қамалган.
Бишимбаев суддаги сўнгги сўзида айбдорлигини тан олган, бироқ хотинини қасддан ўлдиришни истамаганини айтган.
“Ўша оқшом хотинимга бир лаҳза ҳам ўлим тилаганим йўқ. Мен оқибати бундай бўлишини тахмин қилмагандим. Мен айбдорман, лекин қасддан одам ўлдиришда эмас”, деган судланувчи ўзининг жавобгарликдан қочишга уринмаганини, тергов эса ижтимоий тармоқлар ва ОАВ томонидан бўлган босим таъсирига тушиб қолганини қўшимча қилган.
Ўтган йилнинг 8 ноябрь оқшомида Бишимбаев оиласига тегишли Bau ресторанида хотини билан жанжаллашиб қолган. У Салтанат Нукеновани дастлаб ҳожатхонада, кейин эса лифтдан чиқишда калтаклаган.
Шундан кейин аёл, Бишимбаевга кўра, рестораннинг VIP-хонасида диванга ётиб, ухлаб қолган. У хотинининг устига костюмини ёпиб, ёнида ётган. Эртаси куни Бишимбаев аёлни ресторанда ётган жойида ташлаб, ишлари билан чиқиб кетган. У “тез ёрдам”ни фақат 9 ноябрь оқшомида - Нукенованинг юзи ва бадани муздай бўлиб қолганини ҳис этганидан кейингина чақирган.
Мақтуланинг баданида кўплаб яра-чақа ва қонталаш излар топилган. Суд экспертизаси
Салтанат Нукенова “ёпиқ бош-мия жароҳати”дан ўлганини кўрсатган. Аёлнинг бўйнида бўғилиш аломатлари топилган. Ўлимидан аввалги соатларда, медэкспертга кўра, Нукенова жон талвасаси чеккан. У Бишимбаев “тез ёрдам” чақиришга қарор қилганидан анча олдин, азобланиб-бўғилиб ўлган.
Қуандиқ Бишимбаев аёлнинг ўлимидан кейиноқ қўлга олинган. Иш бўйича суд жараёни 2024 йилнинг 11 мартида бошланган эди.
Собиқ иқтисодиёт вазири Қуандиқ Бишимбаев 2018 йилнинг март ойида коррупцияда айбланиб, 10 йилга қамалган эди. У Қизилўрда шаҳрида шиша заводини қуриш учун ажратилган миллиард тенгени ўзлаштиришда ҳамда қурувчилардан пора олишда айбланган. У 2019 йил октябрь ойида шартли равишда озодликка чиқарилган эди.
43 ёшли Қуандиқ Бишимбаев Назарбоев даврида юқори лавозимларда ишлаган. У ўз фаолиятини Нурсултон Назарбоевнинг ёрдамчиси сифатида бошлаган.