Қозоғистонда маҳаллий куч ишлатар тузилмалар ходимлари Ўзбекистон расмийлари сўровига асосан 31 ёшли қорақалпоқ фаоли, “Олға, Қорақалпоғистон” партияси аъзоси Расул Жуманиязовни қўлга олишган. Бу ҳақда Озодликнинг қозоқ хизмати хабар қилди.
“Олға, Қорақалпоғистон” партиясининг Европада яшовчи лидери Аман Сагидуллаевга кўра, Жуманиязов 26 март куниёқ ушланган, бироқ бу ҳақда фақат март ойи охирида маълум бўлган.
“Бир ой аввал у мен билан боғланиб, Ўзбекистон махсус хизматлари унга таҳдид қилишаётгани, Ўзбекистонга қайтишни талаб қилишаётгани, акс ҳолда, халқаро қидирувга берилишини айтишаётгани ҳақида гапирганди. У фаолларимиздан. 2021 йили [Ўзбекистон куч ишлатар тузилмалари ходимлари] уни қўлга олиб, калтаклашган. Бироқ у интернетда ёзишни тўхтатган эмас, Қорақалпоғистонда норозилик билдириб чиққанлар отилгани учун ким жавоб бериши лозимлигига оид масалани кўтариб келган. Шунинг учун ҳам унинг оғзини ёпишга ҳаракат қилишяпти. У қўрқмасди, Конституция билан кафолатланган ҳуқуқлари талаб қиларди”, дея иқтибос келтирган Сагидуллаев сўзларидан Озодликнинг қозоқ хизмати.
У Жуманиязовнинг миграция марказига бориб, Қозоғистонда қонунга мувофиқ равишда қолиши учун ҳужжатлари муддатини узайтириш арафасида юрганида қўлга олинганини қўшимча қилган.
Расул Жуманиязов 2024 йили Қозоғистонда қўлга олинган қорақалпоқ фаолларидан иккинчиси бўлган. Февраль ойида қозоқ полициячилари ҳуқуқ ҳимоячиси Ақилбек Муратбайни қўлга олишган эди. Даставвал суд уни 40 суткага ҳибсга олиш ҳақида қарор чиқарган, кейин эса қозоқ расмийлари Муратбайга бошпана изловчи шахс мақомини беришган.