Қозоғистондаги автоҳалокатда 8 нафар ўзбекистонлик нобуд бўлди

Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятида 3 апрель куни содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси чоғида Ўзбекистоннинг саккиз нафар фуқароси вафот этган. Бу ҳақда Қозоғистон ИИВга қарашли Polisia.kz медиа-портали хабар қилди.

Хабарга мувофиқ, Volvo юк машинаси ва Toyota-Аlhpard минивени тўқнашуви натижасида юзага келган мазкур автоҳалокат Самара-Чимкент йўлининг Маржонбулоқ қишлоғи яқинида рўй берган.

Дастлабки маълумотларга кўра, юк машинасининг йўлда ғилдираги ёрилиб кетган, бунинг натижасида Volvo ҳайдовчиси машинани бошқаролмай қолиб, қарши ҳаракат йўлига чиқиб кетган ва ўзбекистонлик ҳайдовчи бошқарувидаги минивен билан тўқнашган.

Автоҳалокат оқибатида Toyota-Аlhpard ҳайдовчиси дохил минивенда бўлган саккиз киши воқеа жойида жон таслим қилишган.

Йўл-транспорт ҳодисаси бўйича судгача текширув бошланиб, тегишли экспертизалар ўтказилаётгани айтилмоқда.

Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги элчихонаси Ақтўбедаги ЙТҲда ўзбекистонликларнинг вафот этгани билан боғлиқ ҳолат алоҳида назоратга олингани, “мазкур масала юзасидан Ўзбекистоннинг Ақтау шаҳридаги бош консулхонаси Қозоғистоннинг тегишли ташкилотлари билан яқиндан ҳамкорликда ишлаётгани” ҳақида билдирган.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги эса автоҳалокат чоғида вафот этган ўзбекистонликлар президент Мирзиёев топшириғига асосан Мудофаа вазирлигининг махсус ҳаво борти орқали Ўзбекистонга олиб келиниши, уларнинг дафн маросимларини ўтказиш бўйича ҳукумат комиссияси тузилгани ҳақида маълумот тарқатган.