Қозоғистон референдум марказий комиссияси Қозоғистонда АЭС қурилиши бўйича 6 октябрь куни ўтказилган овоз беришнинг дастлабки натижаларини эълон қилди.
Комиссия маълумотига кўра, мамлакатда овоз бериш ҳуқуқига эга 12 миллион 284 минг 487 нафар кишидан овоз беришда 7 миллион 820 минг 204 нафари (63,66 фоиз) иштирок этган.
Улар орасида референдумга олиб чиқилган масаланинг ижобий ҳал этилишини ёқлаб овоз берган фуқаролар сони 5 миллион 561 минг 937 кишини (71,12 фоиз) ташкил қилган.
Еттинчи октябрга ўтар кечаси социологлар овоз бериш участкасидан чиқишда фуқаролар ўртасида ўтказилган сўров натижаларини эълон қилишган эди. Маҳаллий нашрларда учта институт сўров натижалари пайдо бўлган. Exit-pool маълумотларига кўра, референдумда берилган овозларнинг қарийб 70 фоизи Қозоғистонда АЭС қурилишини дастаклаганларнинг овози ўлароқ кўрсатилган.
Аввалроқ Озодлик Қозоғистонда якшанба куни бўлиб ўтган референдумдаги давомат ҳақида хабар қилган эди. Референдум марказий комиссияси маълумотига кўра, 6 октябрь куни соат 14.00 дан кейиноқ овоз берувчилар сони 51 фоиздан ошган, бунинг ортидан референдум бўлиб ўтди, дея эътироф этилган.
Референдум куни Қозоғистоннинг турли ҳудудларидан овоз бериш жараёнида қонунбузарликлар кузатилгани ҳақида хабарлар келиб тушган, хусусан, сайлов қутиларига тўпдан бюллетенлар ташланганига оид маълумотлар пайдо бўлган.