Қозоғистон бош вазири Олжас Бектенов 31 март куни тошқин оқибатларини бартараф қилиш бўйича республика штаби йиғилишини ўтказган. Озодликнинг қозоқ хизмати хабарига кўра, мазкур штаб якшанба куни президент Тоқаев ҳузурида ўтказилган йиғилиш ортидан тузилган бўлиб, унга бош вазир Бектенов раҳбар этиб тайинланганди.
Штабнинг кечаги йиғилишида фавқулодда вазият рўй берган ҳудудлардан 11 минг 306 киши эвакуация қилингани, уларнинг 5 минг нафардан кўпроғи ҳозирда вақтинча жойлаштириш пунктларида яшаётганлари айтилган.
Расмий маълумотларга кўра, кечаги тошқин бир кўприк дохил 40 та автойўлни ювиб кетган. Тошқин оқибатларини бартараф қилишга 7 мингдан зиёд мутахассис, 2 мингдан зиёд техника жалб қилинган.
Ҳозирда Ақтўбе, Сазди, Ашису ва Жартас сув омборларидан сув ташлаб юборилмоқда. Ақтўбе вилоятидаги Қарғали сув омбори ҳам тўлиб бораётгани айтиляпти. Аввалроқ маҳаллиф расмийлар Илек ва Қарғали дарёлари бўйида яшовчи одамларни уй-жойларини тарк этиб, бошқа жойга кетиб туришга чақиришган эди.
Тошқин оқибатида вайрон бўлган тураржойларни қуришга ва тиклаш ишларига сарфланажак маблағ, штаб мажлисида айтилишича, Қозоғистон ҳукумати ва маҳаллий ҳокимиятлар резервида ажратилади.
Олжас Бектенов “жабрланган одамларга моддий ёрдам кўрсатишга зудлик билан киришилиши зарур”лигини билдирган.
Якшанба куни Ақтўбе вилоятининг Берсиев қишлоғи аҳолиси қишлоқ ҳудудида аҳвол жуда ёмонлиги ҳақида бонг уришган: жумладан, алоқасиз қолган қишлоқдагилар мактабнинг икки қаватли биносида, айримлар эса уйлар томида ёрдам кутиб ўтиришган. У ерга жума куни йўлланган вертолёт ҳар тарафни сув босгани учун қўна олмай, ортга қайтган. Шанба куни эса қишлоқдан одамлар қайиқларда эвакуация қилинган.
Ҳукумат маълумотига кўра, ҳозирда Қозоғистоннинг 10 та вилояти юқори хавф-хатар зонасида бўлиб, айрим шаҳар ва туманларда фавқулодда вазият тартиби эълон қилинган. Табиий офат кузатилган туманлар аҳолиси маҳаллий расмийларни тошқин мавсумига тайёргарлик кўрмаганликда, ҳаво исиб кетиши билан тезда эрий бошлаган қор уюмларини ўз вақтида бошқа жойларга ташишга улгурмаганликда айблашмоқда. Қор эриши туфайли пайдо бўлган сув тураржойлар, хўжалик биноларига кириб, кўприк ва тўғонларни бузиб, йўлларни ювиб кетмоқда.
Қозоғистон президент Қасим-Жомарт Тоқаев 30 март куни қозоғистонликлар олдида узр сўради. У ҳукуматнинг тошқин мавсумидаги ишини қониқарсиз, нопрофессионал деб баҳолаб, амалдорларга интизомий чоралар кўрилишини билдирган.
30 мартдаги кенгаш якунларига кўра, бош вазирнинг биринчи ўринбосари Роман Скляр, сув захиралари ва ирригация вазири Нуржан Нуржигитов, Атирау, Ақмола, Абай, Павлодар ва Олмаота вилоятлари ҳокимларига жиддий ҳайфсан берилган. Ғарбий Қозоғистон, Ақтўбе, Қўстанай вилоятлари ҳокимлари эса ўз лавозимига тўлалигича лойиқ бўлмаганлик ҳақида огоҳлантириш олишган.