Қозоғистоннинг Жамбил вилоятида ичида ўзбекистонликлар бўлган автобус аварияга учради

Қозоғистоннинг Жамбил вилояти Жамбил туманида 15 июнга ўтар кечаси соат 03:40 ларда “Олмаота-Тошкент” йўли бўйлаб ҳаракатланаётган юк машинаси иккита йўловчи ташиш автобуси ва битта енгил автомобиль билан тўқнашув содир этган. Аварияга учраган автобуслардан бирида 31 нафар ўзбекистонлик бўлган. Бу ҳақда Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати Қозоғистон ФВВдан олинган маълумотга таянган ҳолда маълум қилди.

Вазирлик қайдича, йўл-транспорт ҳодисаси “Олмаота-Тошкент” автомобиль йўлининг 545 километрида - “Қизил тан” қишлоғидан 7 километр узоқликда содир бўлган. ЙҲТга трикотаж маҳсулотлари ортилган юк машинаси ёниб кетгани ортидан юзага келган тирбандлик сабаб бўлган.

Авария чоғида ўзбекистонликлардан 3 нафари ўрта даражада тан жароҳати олгани, жабрланувчилар Тараз шаҳар тиббиёт масканига етказилиб, айни пайтда уларга малакали тиббий ёрдам кўрсатилаётгани айтилмоқда.

Аввалроқ Озодлик жорий йилнинг 12 май куни Жамбил вилоятида Ўзбекистонда қайддан ўтган автобус аварияга йўлиққани, ҳодиса оқибатида ҳайдовчи ёрдамчиси ва бир йўловчи воқеа жойида жон бергани, 33 киши жароҳатлангани ҳақида хабар қилган эди.