Қарағанда вилоятининг Шет туманида 20 июль куни “Нова цинк” ширкатининг “Ақжал” конида ишлаётган ишчилари иш ташлаш акциясини уюштиришган. ekaraganda.kz нашрининг хабарига кўра, кончилар иш ҳақини 50 фоизга оширишни талаб қилишган.
Нашр қайдича, кончилар шахтада ишлаётган одамлар ўз меҳнатига яраша ҳақ олмаётганини билдиришиб, иш шароити “абгор”лигидан нолишган.
“Ойликлар анчадан бери оширилгани йўқ, бу борадаги гаплар ҳам кўпдан бери айтиб келинади, бу ҳақда ўтган йили ҳам айтилган, аввалроқ айрим цехларда иш ташлашлар бўлган, аммо ҳеч қанақа натижа йўқ. Бизга ярим йилдан бери “иш шароити ва ойликни нормал қилиб берамиз”, дея ваъда қилиб келишди. Ҳозир ишчиларнинг ҳаммаси иш ташлашди”, дея иқтибос келтиради нашр кончилар сўзларидан.
Кейинроқ Қарағанда вилояти ҳокимияти корхона вакиллари ишчилар билан музокара олиб борганларини маълум қилган.
“Музокаралар якунига кўра ташкилий масалалар бўйича келишувга эришилган, Ҳозирда корхона ишчилари ўз иш жойларига қайтишган ва ишлашда давом этишмоқда”, дейишган вилоят ҳокимияти вакиллари.
Кўплаб корхона жойлашган Қарағанда вилоятида иш шароитини яхшилаш талаби билан иш ташлашлар тез-тез бўлиб туради. Сўнгги йилларда кузатилган иш ташлашларнинг энг каттаси “АрселорМиттал Темиртау” ширкати кончиларининг 2017 йили ўтказилган акцияси бўлиб ҳисобланади.