Қозоғистоннинг собиқ муфтийси Абсаттар Дербисали 15 июль куни 74 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Яссавий номидаги Қозоқ-турк университетининг Туркология илмий-тадқиқот институти директори Дўсай Кенжетай Facebook тармоғидаги ўз саҳифаси орқали маълум қилди.
Бу маълумотни Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси ҳам тасдиқлаган. Диний идора матбуот котиби собиқ муфтий сўнгги кунларда оғир аҳволда касалхонанинг жонлантириш бўлимида ётганини билдирган.
Tengrinews.kz сайти эса Абсаттар Дербисалининг ҳайдовчиси сўзларига таянган ҳолда, собиқ муфтий пневмонияга чалингани, бироқ кардиология бўлимида юрак хасталигидан вафот этганини ёзган.
Қозоғистоннинг амалдаги муфтийси Науризбай Тағанули ҳамда ахборот ва ижтимоий ривожланиш вазири Аида Балаева Абсаттар Дербисалининг вафоти муносабати билан марҳумнинг яқинларига таъзия изҳор этган.
А. Дербисали 1947 йил 15 сентябрида Жанубий Қозоғистон вилоятида (ҳозирги Туркистон вилояти) туғилган. Собиқ муфтий Қозоғистон Фанлар академияси академиги, профессор, филология фанлари доктори ва шарқшунос олим ҳам эди.
Абсаттар Дербисали Қозоғистон муфтийси лавозимида 13 йил фаолият кўрсатганидан кейин 2013 йили бу лавозимдан озод этилганди.
Кейинроқ у ўша йилнинг ўзида Рамазан Сулейменов номидаги Шарқшунослик институти директори вазифасига тайинланганди.