Ўзбек-қозоқ чегараси тинч, Ўзбекистон вазиятни "диққат билан кузатмоқда"

Тошкент шаҳри, Тошкент тумани, Ғишткўприк божхона пости

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Қозоғистонда кечаётган воқеаларнинг тўртинчи кунида баёнот берди.

Қирғизистон ҳукумати тўртинчи кундирки оммавий норозилик намойишлари ичида қолган Қозоғистон билан чегарада назоратни кучайтирганини маълум қилди.

Ўзбекистоннинг Тошкент яқинидаги Ғишткўприк чегара ўтиш пункти, кузатувчиларга кўра, оддий иш куни тартибида ишламоқда.

Баёнот

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг баёнотида бундай дейилган:

"Қардош Қозоғистонда кечаётган сўнгги воқеалар Ўзбекистонда хавотир билан қабул қилиниб, ушбу мамлакатдаги вазият ривожи диққат билан кузатиб борилмоқда.

Ишончимиз комил, донишманд Қозоғистон халқи мамлакатда беқарорлик авж олишининг олдини олишга, зўравонлик ва инсонлар орасида қурбонлар юзага келишига йўл қўймасликнинг уддасидан чиқади.

Қозоғистон халқи ўзаро ҳамжиҳатликни сақлаш, мамлакатда тинчлик ва осойишталикни тиклаш ҳамда юзага келган муаммоларни ўзи мустақил ҳал қилиш учун етарли қатъият ва иродага эгалигига ишонамиз.

Ўзбекистон Қозоғистон халқи ва раҳбариятининг мамлакат барқарорлиги ҳамда равнақи, миллат фаровонлигини таъминлаш йўлида олиб бораётган саъй-ҳаракатларини чексиз қўллаб-қувватлашини яна бир бор тасдиқлайди".

Чегара тинч

Озодликнинг мобил мухбири 5 январь куни Ғишткўприк постига бориб, у ердаги манзарани кузатди.

Саъдулла исмли тадбиркорнинг айтишича, охирги кунларда Қозоғистонга кириб-чиқишда ҳеч қандай ўзгариш бўлмаган:

“Байрамдан сўнг чегарада одам сийраклашган эди, аммо бугундан яна жонланди. Айниқса, Қозоғистонга ўтаётганлар кўп, борди-келди бўлиб турибди. Ҳеч қандай кучайтирилган тадбирга кўзим тушмади. ПЦР тестингиз ва паспортингиз бўлса, бемалол ўтиб кетаверасиз”.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Қозоғистонга ўтадиган Ғишткўприк чегара назорат ўтказув пости. 5 январь, 2022 йил.

Қозоғистон билан чегарадош Жиззах вилоят, Дўстлик туманида яшайдиган, хавфсизлиги учун исми сир қолишини сўраган электр тармоқлари идораси ишчисининг айтишича, айни пайтда туман марказида хавфсизлик чоралари кучайтирилган:

“Бугун эрталаб бозорга чиқсам милиция ходимлари ҳаддан ташқари кўпайган, йўл ҳаракати хавфсизлиги инспекторлари ҳам жуда кўп жойда туришибди. Уч-тўрт кундан бери Қозоғистондаги вазиятни Интернет орқали кузатиб келяпман. Қозоқларнинг ўз ҳақ-ҳуқуқларини қаҳратон қишда ҳам кўчага чиқиб талаб қилаётганига қойил қоляпман. Бизнинг туманда илгари кўп қозоқ яшаган, уларнинг аксарияти кўчиб кетган эди. Бир-икки кундан буён уларнинг баъзилари вақтинча Ўзбекистондаги қариндошлари, таниш-билишларининг уйларига келишган. Вазият яхши бўлгандан кейин қайтишса керак”.

Унинг фикрича, суюлтирилган газнинг қимматлагани қозоғистонликларнинг йиллардан буён тўпланиб қолган муаммоларини ҳал қилишни талаб қилиш учун бир туртки бўлган, холос:

“Қозоқ қўшниларимиз яхши яшаш учун ҳаракат қилишяпти, мен уларнинг бу ҳаракатини тўғри деб биламан. Бизда ҳам ҳамма нарса қиммат, ҳаддан ташқари қиммат. Масалан, мен ҳозир 2 миллион атрофида маош оламан. Оиламга бир ойга икки қоп ун кетади, 500 минг сўм. Бир кило гўшт 70-75 минг сўм. Пиёз 3 минг, картошка 5 минг, беш литрлик ёғ 85 минг. Оилага кетадиган бошқа харажатлар билан ҳисобласангиз битта озиқ-овқатнинг ўзига етмайди. Содда қилиб айтганда уйга меҳмон келадиган бўлиб қолса, бир кило гўшт олишга қийналамиз. Қозоғистондаги электрик ҳамкасбларимдан сўраб кўраман. Уларнинг маоши бизнинг пулга 6-7 миллион сўм экан, биздан 3-4 баравар кўп. Шунга чидай олишмаптику улар, биз эса овозимизни чиқаргани қўрқамиз. Чунки бизнинг халқни Андижон воқеалари билан қўрқитиб бўлишган. Индамасдан отиб ташлайди”.

Суҳбатдошнинг сўзларидан чегара минтақасида яшайдиган аҳоли қозоғистонликларнинг турмуш даражасидан яхши хабардорлиги англашилади:

“Мана қаранг, ўтган йили кузда тўртта молимни 35 миллион сўмга сотдим-да, Кобалт мошинасига биринчи тўлов қилдим.Ўзи 116 миллион сўм туради экан. Йилнинг охиригача оласиз, деди. Борсам мошин йўқ, энди март ойида оласиз, дейди. Қаерда бор, бунақа аҳмоқгарчилик? Ўзимиздаги 10 минг долларлик мошиналар Қозоғистонда ёки Россияда 5 минг турса? Менга ўхшаган минглаб одамлар бир йил олдин тўлаб қўйган бўлса ҳам мошинани ололмаяпти. Шунчалик ҳам бўладимие, ўзингни ҳаққингни талаб чиқиб чиқсанг қамаб қўйса, бир эркин гапингни айта олмасанг? Қозоғистонда яшаш тарзи биздан ўн марта яхши эди, лекин бизнинг бошқа иложимиз йўқ. Бош кўтарсанг, қамаб ташлайди!”

“Қозоқлар ҳаққини талаб қила олади”

Қозоғистон билан чегарадош Сирдарё вилоят, Оқ олтин туманида истиқомат қиладиган тадбиркор Усмонжон қўшни давлатдан ун олиб келиб сотади. У қўшни мамлакат аҳолисининг ҳаёт тарзи сирдарёликлардан анча баландлигини айтади:

“Биздаги шароит, одамларнинг иқтисодий аҳволи Қозоғистондагидан бешбаттар. Просто бизнинг халқимиз “дух”ига ўтириб қолган. Дардини айтолмайди, ҳаққини талаб қилолмайди. Қозоғистонда менинг тўртта курсдошим бор, борди-келди қиламиз. Ўтириб суҳбатлашганда, иш ҳақларини, инсон ҳуқуқлари қанчалик ҳурмат қилинишини солиштирамиз. Ер билан осмонча фарқ. Менга бу гапни айтиш жуда оғир. Эсингизда бўлса, 2000 йилларнинг бошида Қозоғистонга гуруҳ-гуруҳ бўлиб мардикорликка боришарди. Оддий пахта теримида, мисол, бизда килосига 100 сўм берса, Қозоғистонда 400 сўм берарди. Ўша пайтда “қозоққа қул керак, ўзбекка пул керак” деган камситувчи шиорлар ҳам пайдо бўлган эди. Ўшандан буён орадан 20 йил вақт ўтди. Қозоқлар янада илгарилаб кетди, биз эса фақат орқага қараб кетмоқдамиз. Чунки, қозоқлар ҳаққини талаб қила оляпти, ўзларининг норозилигини бир неча бор оммавий намойишларда билдиришди. Бизникиларнинг дардини ошкор қилиши қўшнидан нарига ўтмайди”.

Қозоғистон Ўзбекистоннинг энг йирик савдо шерикларларидан бири ҳисобланади.

Review.uz сайтининг хабарига кўра, ўтган йилнинг ўн ойи давомида икки мамлакат ўртасидаги савдо айланмаси қарийб 3,2 миллиард долларни ташкил қилган.

Ўзбекистон бу давр мобайнида 950 миллион долларга товар сотган бўлса, 2,2 миллиард долларга товар импорт қилган.

2021 йилнинг апрель ойида Ўзбекистон ва Қозоғистон бош вазирлари икки мамлакат чегараси ҳудудида "Марказий Осиё" халқаро савдо иқтисодий ҳамкорлик маркази қурилишига старт беришган эди. Марказ орқали суткасига икки томонга 35 минг киши ва 5000 дона юк машиналари ўтиши мумкин бўлади.