Қозоғистондаги этник тўқнашувда ўлганлар сони 10 кишига етди (ВИДЕО)

Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги Жанубий Қозоғистондаги қишлоқда бошланган ва қўшни ҳудудларга ёйилган зўравонлик оқибатида 10 киши ўлганини билдирди.

Қозоғистоннинг Жамбил вилоятида 7 февраль куни кечга яқин ​этник можаро рўй берди, оқибатда Қўрдай тумани ҳокимият идоралари фавқулодда ҳолат жорий этишга мажбур бўлди.

Янги рақамлар

9 февралда берилган расмий баёнотга кўра, воқеа содир бўлган жойда 8 киши ҳалок бўлган, фавқулодда даволаш чоралари кўрилганига қарамай, 9 февралга келиб яна 2 киши ўлган.

Ҳукумат вакилларига кўра, Қозоғистонда 140 киши, Қирғизистонда эса 20 дан ортиқ киши тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилган.

Қозоғистон Ички ишлар вазири ўринбосари Алексей Калайчидига кўра, 9 февраль куни эрталаб 39 киши касалхонада бўлган. Буларнинг орасида ўқдан яраланган 3 амалдор бор.

Этник можаро

Бу можаро сўнгги йиллардаги энг ёмон этник можаро​, деб баҳоланмоқда.

Хабарларда айтилишича, қишлоқ аҳолиси гуруҳ-гуруҳ бўлиб, бир-бирига ҳужум қилган, бир гуруҳ кишилар уйларга ўт қўйган, автомобилларни ағдарган ва юзлаб кишиларни қўшни Қирғизистонга қочишига сабаб бўлган.

Этник қозоқларни келиб чиқиши хитойлик бўлган мусулмон дунганларга қарши айнан нима қайрагани, тўқнашувларга айнан нима сабаб бўлгани ҳануз аниқ эмас.

Дунганлар - тўқнашувларда энг кўп зарар кўрган Масанчи қишлоғи аҳолисининг кўпчилигини ташкил қилади.

Президент Қасим-Жомарт Тоқаев телевидение орқали чиқишида аҳолини хотиржам бўлишга чақирди.

Президент шунингдек, хавфсизлик идораларига нафрат уйғотувчи гаплар, “фитнакорона миш-миш ва нотўғри хабар” тарқатаётганларнинг танобини тортиб қўйишни топширганини айтди.

Илк талқин

ИИВ талқинича, 7 февраль куни кечқурун Масанчи қишлоғида 70 га яқин киши иштирокида “оммавий муштлашув” бошланган.

Вазиятнинг кейинчалик кескинлашувига ижтимоий тармоқлар ва мессенжерларда тарқатилаётган видео ва аудиоёзувлар сабаб бўлган, дейилади ИИВ 8 февраль куни тарқатган баёнотда.

Йиғилганлар полиция ходимларига қаршилик кўрсатиб, кучишлатар тизимлар талабларини бажармаган, металл буюмлар, тош, ўқотар қуроллардан, фойдаланган, деди вазир. Кейинчалик можаро қўшни Аухатти ва Булан-Ботир қишлоқларига ҳам тарқалган. Аҳоли пунктлари ва уларга кирадиган автомобиль йўлларига блокпостлар ўрнатилди.

Турғумбаев эълон қилган дастлабки маълумотларга кўра, 30 дан ошиқ хусусий уй, 15 та савдо объекти ва 23 та автомобил шикастланган.

ИИВдан билдиришларича, “Оммавий тартибсизликларни ташкил этиш ва уларда қатнашиш” ҳамда” Қотиллик” моддалари бўйича суддан олдинги тергов олиб борилмоқда.

47 киши ушланган, улардан иккита ов милтиғи тортиб олинган.

Дунганлар яшайдиган қишлоқ

Воқеалар рўй берган Масанчи, Сўртўбе ва Аухатти қишлоқлари Қирғизистон билан чегара яқинида жойлашган.

Ушбу қишлоқлар аҳолисининг кўпчилигини этник дунганлар ташкил қилади.

Масанчи қишлоғига борган “Озодлик” радиоси қозоқ хизмати мухбирлари дунганларга тегишли ёниб кетган уйлар, дўконлар, умумий овқатланиш жойларини кўрганини айтган.

Жума куни тармоқ мессенжерларида Қўрдай туманида куннинг қоронғисида тасвирга олингани тахмин қилинаётган видеоёзувлар тарқатилди. Уларда тажовузкорона кайфиятдаги таёқ билан қуролланган, тошлар отаётган кишилар ҳамда олов домида қолган бинолар, шикастланган автомобиллар акс этган.

Ўша куни кечқурун Қозоғистон ҳокимият идоралари Қўрдай туманида вазият оғир экани ва бунга “фитналар” сабаб бўлганини айтган эди.

Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари 9 февраль куни бу зўравонликлар келиб чиқишига алоқадорликда гумон қилинганлар сони 300га етгани, уларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилгани, баъзи шахслар эса қотилликда гумон қилинаётганини маълум қилди.

Хабарларга кўра, Қозоғистонни тарк этиб, Қирғизистонга қочиб ўтганлар сони 4 ярим минг киши атрофида, уларга маҳаллий аҳоли ёрдам кўрсатмоқда.