Қозоғистонлик фаол беш нафар хитойлик этник қозоққа қочқин мақомини олишда кўмаклашди

Серикжан Билаш

Қозоғистон фуқаролигини олган шинжонлик этник қозоқ фаол Серикжан Билаш беш нафар хитойлик қозоққа қочқинлик мақомини олишга кўмаклашганини айтмоқда.

Билаш ўтган йилнинг сентябрь ойида Қозоғистонда этник низо қўзғаганликда айбланиши ортидан оиласи билан Туркияга кўчиб кетган.

Фаол Озодликка берган интервьюсида қозоқ расмийлари Шинжондаги “сиёсий қайта тарбиялаш лагерлари”га тушиб қолмаслик учун Қозоғистонга қочиб ўтган этник қозоқларга қочқинлик мақомини беришга ошиқмаётганини айтган.

Билаш Туркияда маҳаллий инсон ҳуқуқлари фаоллари билан танишгани ва улар билан ҳамкорликда турк расмийларидан беш нафар хитойлик қозоққа Туркия фуқаролигини беришни сўраганини сўзлаб берган.

Унга кўра, бунинг ортидан Қозоғистон расмийлари бу хитойлик қозоқларни Туркия томонига топширилган аризаларни қайтиб олишга чорлаган ва уларга қочқин мақомини беришга қарор қилган.

АҚШ ва қатор ғарб давлатлари Хитойда 1 миллиондан зиёд мусулмон 2017 йилдан бери экстремизмга қарши кураш баҳонасида “сиёсий қайта тарбиялаш лагерлари”да сақланаётганини танқид қилиб келади. Ғарб давлатлари иддаоларини рад этган Хитой мазкур лагерлар фақат “экстремист ва террорчилар”ни қайта тарбиялаш мақсадида ташкил этилганини билдирган.