Қозон шаҳрининг Совет туман суди 23 октябрь куни “Озодлик”нинг татар-бошқирд хизмати журналисти Алсу Курмашевани тергов ҳибсхонасига йўллади. Суд қарорига кўра, у бир ой 17 кун, яъни 5 декабргача ҳибсхонада қолади.
Адвокат суддан озодликдан маҳрум қилиши билан боғлиқ бўлмаган эҳтиёт чораси қўллашни сўраган. Суд матбуот учун ёпиқ тартибда ўтказилган.
Алсу Курмашева шу йилнинг 18 октябрь куни қўлга олинган. У “хорижий агент” сифатида рўйхатдан ўтишдан бош тортганликда айбланмоқда. Бу айблов учун жазо жарима, жамоат ишлари ёки беш йилгача қамоқ жазоси берилиши мумкин.
Россия Тергов қўмитаси талқинига кўра, Курмашева ўзини “хорижий агент” ўлароқ реестрга киритилиши учун ҳужжатлар тақдим этиши лозим эди. Айни пайтда Россия Адлия вазирлиги ўз ташаббуси билан журналист аёлни реестрга киритган эмас. Бу Россияда мазкур модда бўйича журналистга қарши қўзғатилган илк жиноят ишидир. Курмашева ўзига қўйилаётган айбловни тан олган эмас.
АҚШ ва Россия фуқароси бўлган Алсу Курмашева эри ва фарзандлари билан Чехиянинг Прага шаҳрида яшайди. Май ойи ўрталарида у оилавий сабабларга кўра Россияга борган. Журналист 2 июнь куни уйига қайтаётган пайтда куч ишлатар тузилмалар ходимлари уни Қозон аэропортида қўлга олишган. Курмашевадан АҚШ ва Россия паспортлари олиб қўйилган. Кейинроқ Қозондаги суд иккинчи фуқаролиги ҳақида суд Россия расмийларига хабар бермагани учун уни жарима тайин қилган.
Журналистнинг қўлга олиниши жаҳон ҳамжамиятида акс-садога эга бўлган. Курмашеванинг қўлга олинганига оид ўз баёнотини БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бошқармаси ҳам ёйинлаган. Журналист аёлнинг қўлга олиниши Европа Иттифоқи раҳбарияти, АҚШ Давлат департаменти ва америкалик конгрессменлар томонидан қораланган.
18 октябрь куни Озод Европа/Озодлик радиоси президенти в.б. Жеффри Гедмин Алсу Курмашева оиласи бағрига қайта олиши учун Россия расмийларини журналистни озод қилишга чақирган.
Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси ҳам “уйдирилган жиноий айбловлар бўйича” қўлга олинган журналист аёлни озод қилишга чақирган.
Курмашева Россия ҳукумати томонидан Волгабўйи республикалари аҳолисига босим кучайиб бораётган бир пайтда татар тили ва маданиятини ҳимоя қилиш ва сақлаш бўйича фуқаролик ташаббуслари ҳақида кўп йиллар давомида ёзган тажрибали журналистдир.
Россия Адлия вазирлиги 2017 йилда “Озодлик” радиосининг татар-бошқирд хизмати лойиҳалари бўлмиш “Idel.Реалии” ва “Азатлиқ Радиоси”ни “хорижий агент” деб тан олган. Озодлик бу қарорнинг ҳуқуқий жиҳатдан асосланганини ҳеч қачон тан олган эмас.