Қозон шаҳрининг Совет тумани суди 1 февраль куни Озодликнинг татар-бошқирд хизмати журналисти Алсу Курмашеванинг ҳибс муддатини 5 апрелгача узайтириш ҳақида қарор чиқарди. Idel.Реалии хабарига кўра, туман суди терговнинг бунга оид илтимосномасини қондирган. Журналист аёл 2023 йилнинг октябрь ойи ўрталаридан буён тергов изоляторида тутиб турилибди.
Суд мажлиси ёпиқ тартибда ўтказилган — матбуот вакиллари фақат ҳукм ўқилаётган пайтдагини ичкарига киритилган, судга келган бошқа кишилар эса залга умуман киритилган эмас. Бугунги судда Автрия, Чехия ва Ҳолландия элчихоналари вакиллари иштирок этишган.
Алсу Курмашеванинг адвокати эҳтиёт чорасини уй қамоғига алмаштиришни талаб қилган, бироқ суд бу талабни рад этган.
Журналист аёл Россия Жиноят кодексининг икки моддаси, аниқроғи, ўзини “хорижий агент” ўлароқ реестрга киритилиши учун ҳужжатлар тақдим этмаганликда ҳамда Россия армияси тўғрисида “фейк” тарқатганликда айбланмоқда. Иккинчи модда бўйича Алсуга Idel.Реалии таҳририяти томонидан 2022 йил кузида тақдимоти ўтказилган “Йўқолсин уруш. Украинага бостириб кирилишига қарши чиққан 40 нафар россияликнинг ҳикояси” (“Нет войне. 40 историй россиян, выступающих против вторжения в Украину”) китобини тарқатганлик айблови қўйилмоқда.
Алсу Курмашева АҚШ ва Россия фуқароси бўлиб ҳисобланади.
Озод Европа/Озодлик радиоси (RFE/RL) президенти вазифасини бажарувчи Стивен Капус суд қарори юзасидан мулоҳаза билдирар экан, қуйидагиларни баён этди: “Россия расмийлари ноҳақ қўлга олинган Алсу Курмашевани жиноий таъқиб қилиш бўйича қоралашга лойиқ кампанияни амалга оширишмоқда. Уни қамоққа ташлашди, Алсу АҚШ журналисти бўлгани учунгина унга нисбатан адолатсизлик билан муносабатда бўлинмоқда. Эндиликда унинг ҳибсхонадаги муддати яна узайтирилди.
Халқаро журналистик, ҳуқуқбонлик ташкилотлари, дипломатлар бугунги кунда Алсунинг ҳимояси учун чиқишмоқда. Озодлик радиоси ўз дипломатларини бугунги судга йўллаган Европа Иттифоқи мамлакатларига миннатдорлик билдиради".
Капус АҚШ Давлат департаментини расман Алсуни Россиядаги тергов ҳибсхонасида ўтирган америкалик журналист Эван Гершкович каби “ноҳақ қўлга олинган” деб тан олишга чақирди.
“Россия Алсунинг тақдири учун тўла жавобгардир. У зудлик билан озод этилиши ва севимли оиласи бағрига қайтиши шарт”, дея билдирган Капус.
Алсу Курмашева қўлга олингунига қадар эри ва фарзандлари билан Чехиянинг Прага шаҳрида яшаган. У оилавий сабабларга кўра ўтган йилнинг май ойи ўрталарида бир неча кунга ўзи туғилиб ўсган Қозон шаҳрига борган.
— Сиз “шундай пайтда” ўз уйимга келганим учун жасоратимга “тасанно” айтяпсиз, — деб ёзган Алсу шу йилнинг 18 январида тергов изоляторидан чиқарган хатида, — Аммо биз бугун яшаяпмиз — ва бизда "бошқа" вақтнинг ўзи бўлмайди. "Вақт"-ку бўлади, албатта, бироқ бугун кўмак лозим бўлган яқинларингиздан кимдир бўлмаслиги мумкин. <…> Мен ўз оилам учун жавобгарман - ёш болаларим учун, қартайган онам учун”.
Алсу 2023 йилнинг 2 июнь куни Россиядан учиб кетиш чоғида Қозон аэропортида
куч ишлатар тузилмалар ходимлари томонидан қўлга олинган. Ундан АҚШ ва Россия паспортлари олиб қўйилган. Бир неча кундан кейин журналист аёлга қарши иккинчи фуқаролик ҳақида огоҳлантирмаганлик бўйича жиноят иши очишган. Алсудан мамлакатни тарк этмаслик ҳақида тилхат олишган. Бу иш тергови бир неча ойга чўзилган. Октябрь ойига келибгина Қозондаги суд уни айбдор деб топиб, 10 минг рубллик жарима тайин қилган.
Ҳукм эълон қилинганидан бир ҳафта ўтгач — 18 октябрь куни — журналист аёл қайта қўлга олинган. Бир неча кундан кейин суд Курмашевага нисбатан “ҳибсга олиш” эҳтиёт чорасини қўллаган. Яна бир ярим ойдан кейин — 2023 йилнинг 11 декабрида — тергов журналистга қарши “фейклар” тўғрисидаги модда бўйича янги айблов эълон қилган.
Жорий йилнинг 25 январида Алсу ҳибсга олинганига 100 кун тўлган. Ўша куни Озод Европа/Озодлик радиоси президенти вазифасини бажарувчи Стивен Капус: “АҚШ фуқаросини Россия қамоқхонасида адолатсиз равишда 100 кун ушлаб туриш у ёқда турсин, панжара ортида ноҳақдан бир кун ўтириш ҳам фожиадир”, дея билдирган эди.
Алсунинг қўлга олиниши Канада, Чехия, Франция, Польша ва Швеция ҳукуматлари, ЕИнинг ташқи сиёсат бўйича мутасаддиси, Европа парламенти президенти, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг (ЕХҲТ) ОАВ эркинлиги масалалари бўйича мутасаддиси ва БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари қоралаб чиққан. Европа кенгашининг журналистикани ҳимоя қилиш ва журналистлар хавфсизлигига кўмаклашиш платформаси Алсуни озод қилиш чақириғини ёйинлаган.
Инсон ҳуқуқлари ва матбуот эркинлиги бўйича халқаро ташкилотлар ҳам Алсунинг сиёсий сабабларга кўра қўлга олинишини қоралашиб, уни зудлик билан озод қилишга чақиришган. Улар орасида Amnesty International, Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси, Freedom House, ПЕН-Америка, Чегара билмас мухбирлар, Халқаро журналистлар федерацияси ва Халқаро матбуот институти каби ташкилотлар бор.
2023 йилнинг ноябрь ойида Чегара билмас мухбирлар, Журналистикадаги аёллар коалицияси, Миллий пресс-клуб, Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси ва яна 10 та ташкилот АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкенга мурожаат қилишиб, уни “Озодликнинг татар-бошқирд хизмати журналисти Алсу Курмашевани ноҳақ қўлга олинган дея эълон қилиш ва бу жараённи тезлатиш”га чақиришган.
АҚШ Давлат департаменти Алсу Курмашева ишига “катта эътибор” қаратмоқда. Бу ҳақда 18 январь куни Давлат департаменти расмийси Мэттью Миллер билдирган. Ташқи сиёсат идораси ҳалигача журналист аёлни ноҳақ қўлга олинган деб тан олган эмас — Миллерга кўра, мазкур ҳолат бундай саъй-ҳаракатлар амалга оширилмаётганини англатмайди.
Ўтган йилнинг 30 ноябрида “Сиёсий маҳбусларни қўллов. Мемориал” лойиҳасиАлсу Курмашевани сиёсий маҳбус, деб топган эди.