Қозоғистонда қўлга олинганлар сони 8 минг кишига яқинлашиб қолди

Норозилик намойишига чиққанлар.

Қозоғистонда оммавий норозлик намойишлари бошланганидан бери то шу кунгача 7939 киши қўлга олинди. Бу ҳақда Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги берган маълумотга асосланган ҳолда қозоқ матбуоти хабар тарқатди.

Озодлик радиоси қозоқ хизматининг билдиришича, Ички ишлар вазирлиги сўнгги бир сутка ичида Олмаотада яна 508 киши ушланганини билдирган.

Аввалроқ Қозоғистон президенти матбуот хизмати деярли 6 минг киши ушланганини ва 125 та жиноят иши қўзғатилганини ёзган эди.

Қозоғистон президенти Қасим -Жомарт Тоқаев 10 январда КХШТга аъзо давлат раҳбарларининг навбатдан ташқари онлайн саммити доирасида сўзлаган нутқи пайтида мамлакатдаги воқеаларни “давлат тўнтаришига уриниш” сифатида баҳолади.

Тоқаев КХШТ кучларини Қозоғистонга киритишга рози бўлгани учун Россия президенти Владимир Путинга алоҳида миннатдорчилик билдирди.