Қозоғистон ИИВ: “Қуролланган 300 киши мамлакатни тарк этаётганида қўлга олинди”

Олмаотада ёнган бинолардан бири. 7 январь 2022 йил.

Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги 9 январь куни “қуролланган 300 киши мамлакатни тарк этаётганида қўлга олинди”, деб хабар берди.

“Қуролланган одамлар автомашиналарда ва пиёда қочиб бораётганларида ушланди. Уларнинг олдиларида қуроллар, ўғирланган қимматбаҳо буюмлар, мобил телефонлар, катта миқдорда пул бўлган”,-дейилади расмий билдирувда.

Сўнгги маълумотларга қараганда, Қозоғистонда 2 январда бошланган митинг ва тартибсизликларда 18 полициячи ҳалок бўлди, 1300 полициячи яраланди.

6 январдан бери Қозоғистонда “аксилтеррор амалиёти” ўтказилмоқда. Президент Қасим-Жомарт Тоқаев куч органларига “огоҳлантиришсиз отиш” тўғрисида буйруқ берди. Халқаро ташкилотлар президентнинг бу буйруғини танқид қилиб, фуқароларга қараата ўқ отишни тўхтатишга чақирди.

Қозоғистонда 10 январь миллий мотам куни сифатида эълон қилинди.