Қозоғистон президенти Олмаотага гўёки “20 минг террорчи” ҳужум қилгани тўғрисидаги твитни ўчириб ташлади

Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Олмаотага “20 минг террорчи ҳужум” қилгани тўғрисидаги твитини ўчриб ташлади.

"Бандитлар ва террорчилар яхши тайёргарликдан ўтган ва уюшган, улар махсус марказдан бошқариб турилган. Улардан айримлари қозоқчадан бошқа тилда гаплашган. Олмаотага камида олтита террорчилик ҳужуми уюштирилди, ҳужум қилганларнинг умумий сони эса 20 мингдир. Улар полициячиларни ва ёш аскарларни калтакладилар, ўлдирдилар, маъмурий биноларга ўт қўйдилар, хусусий уйларда ва магазинларда талончиликлар қилдилар, бир неча фуқарони ўлдирди, ёш аёлларни зўрлашди. Менинг фикрим мана бундай: террорчилар билан ҳеч қандай мулоқот қилинмайди, уларни ўлдиришимиз шарт”,-деб ёзган эди Тоқаев.

8 январь кечқурун Твиттердаги бу билдирув фойдаланувчиларга кўринмай қолди.

Билдирувнинг “норозиликлар мамлакат бўйлаб зўравонликларга сабаб бўлгани ва вазиятни издан чиқаргани” тўғрисидаги қисми эса ўчирилмаган.

Аввалроқ Тоқаев куч ишлатар тузилмаларга огоҳлантиришсиз ўқ отишга буйруқ берган эди.

9 январь куни Қозоғистон ИИВ мамлакат бўйлаб 5135 киши қўлга олинганини, “мамлакатни тарк этишга уринаётган пайтда” 300 нафар қуролли шахс ушланганини билдирган эди. ИИВнинг билдиришича, қўлга олинганлар орасида “қўшни давлат фуқаролари” ҳам бор.