Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев хорижий инвесторлар кенгашининг 9 июнь куни ўтказилган мажлисида ҳукумат атом электр станцияси қурилиши керак бўлган жойни танлаганини билдирди, дея хабар қилди Озодликнинг қозоқ хизмати.
“Ҳозирда биз АЭС қурилиши керак бўлган жой ҳақида бир қарорга келдик”, деган Тоқаев станция қурилажак жой номини очиқлаган эмас.
Кейинроқ энергетика вазири Болат Ақчулақов АЭС Балхаш кўли бўйида – Олмаота вилоятининг Улкен қишлоғи атрофида қурилишини маълум қилган.
Ibusiness.kz нашри хабарига кўра, пайшанба куни “Қозоғистон атом электр станциялари” корхонаси бош директори Тимур Жантикин муҳтамал таъминотчилар ҳақида сўзлай туриб, Қозоғистон кичик модулли реакторлар бўйича лойиҳалар тақдим этган АҚШнинг икки ширкати хизматини рад этгани ҳақида билдирган. Мулозимга кўра, қозоқ расмийлари мамлакатдаги илк АЭС учун мазкур технологиядан фойдаланиш хатарли, деган қарорга келишган.
Америка ширкатлари таклифи рад этилгани ортидан қозоқ расмийлари тасарруфида кўриб чиқилажак тўрт лойиҳа – Россия (“Росатом”), Франция, Хитой ва Жанубий Корея ширкатлари лойиҳалари қолган.
Умумий қиймати 8–12 миллиард доллар бўлиши кутилаётган АЭС қурилиши бошланган тақдирда, 2035 йилда битказилиб, ишга туширилиши мумкин. Мазкур лойиҳа ўзини 14–16 йилда оқлаши айтилмоқда.
Аввалроқ Озодлик Ўзбекистонда атом электр станцияси қурилишига оид сўровда иштирок этган қозоғистонликларнинг қарийб 90 фоизи қўшни мамлакатда АЭС қурилишига қарши чиққани ҳақида хабар қилган эди.