Қозоғистон ва Хитой визасиз режим жорий этмоқчи

Қозоғистонда Хитой билан визасиз режим жорий этиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси халқ муҳокамасига қўйилди. Лойиҳа 26 апрелгача муҳокама қилиниши кутилмоқда.

Визасиз режим тўғрисидаги келишув Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг 18-19 май кунлари Хитойга қиладиган давлат сафари доирасида имзоланиши кутилмоқда.

Қонун лойиҳасида қозоғистонликлар Хитойда, хитойликлар эса Қозоғистонда чегарадан ўтганларидан сўнг ўттиз кунгача, 180 кунлик оралиқда эса 90 кунгача визасиз бўла олиши назарда тутилмоқда.

Ўтган йили Қозоғистон хитойликларга мамлакат ҳудудида 14 кунгача, 180 кунлик муддатда эса 42 кунгача визасиз юришга рухсат берган эди. Бундай режим Қозоғистонда Ҳиндистон ва Эрон фуқаролари учун ҳам жорий этилган.

Февраль ойида "Атажурт" ҳаракати Остонадаги учрашувлардан бирида Хитой билан визасиз режимни бекор қилишни талаб этган эди. Ташкилот фаолларига кўра, визасиз режим Хитойнинг барча фуқароларига тенг даражада тааллуқли бўлмаяпти.

“Шинжонлик қозоқлар Хитой паспорти қўлларида бўлса ҳам визасиз режимдан фойдалана олишмайди. Улар эркин ҳаракатланиш ҳуқуқидан маҳрум қилинган. Визасиз режим фақат хитой миллатига мансуб шахсларга амал қилмоқда”, -деган ҳаракат фаоли Капар Акат.

Қозоғистон ҳукумати визасиз борди-келди икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлайди, демоқда.