Қозоғистондаги январь воқеаларида оммавий тартибсизликларда иштирок этганликда гумонланган 18 нафар чет эл фуқароси ҳибсда сақланмоқда. Улардан 14 нафари Ўзбекистон, 2 нафари Россия ва 2 нафари Қирғизистон фуқаросидир. Бу ҳақда Қозоғистон Омбудсмени Эльвира Азимова маълум қилгани тўғрисида Tengrinews хабар берди.
Эльвира Азимованинг билдиришича, Ўзбекистон фуқаролари 6 январь куни қўлга олинган. Улар ҳибсда икки кун давомида етарли даражада ичимлик суви ва озиқ-овқат билан таъминланмаган. Бундан ташқари, ҳибсхонада маҳбуслар меъёридан кўп бўлгани оқибатида қўлга олинганлар ноинсоний шароитда яшашга мажбур бўлган.
Омбудсмен 10 январдан сўнг ҳибсхонада вазият барқарорлашгани, уларга уйларидан жўнатмаларни қабул қилишга рухсат берилгани, аммо озиқ-овқат таъминоти кўнгилдагидай эмаслигини таъкидлади.
10 февраль куни Ўзбекистоннинг Олмаотадаги бош консули Ўзбекистон фуқароси Сакен Толиповнинг январь воқеалари бўйича ҳибсга олингани муносабати билан Қозоғистонга нота йўллаганини маълум қилди. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги нота юборилгани ҳақидаги маълумотни Озодликнинг қозоқ хизматига тасдиқлади, аммо унинг мазмунини очиқлашдан бош тортди.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Қозоғистондаги январь воқеаларида қўлга олинган бошқа ўзбекистонликларга нисбатан шу кунгача муносабат билдирмади.