Аннексия қилинган Қрим аҳолиси портлашлар ҳақида хабар берди

Қрим манзараси.

Россия томонидан аннексия қилинган Қримнинг Бохчасарой, Ялта ва Гурзуф минтақаларида 1 март куни портлашлар юз берди. Бу ҳақда “Қрим. Реалии” лойиҳаси маҳаллий аҳолининг телеграм каналларда қолдирган билдирувларига асосан хабар тарқатди.

Аннексия қилинган Қрим “раҳбари” маслаҳатчиси Олег Крючков бу хабарларга муносабат билдирар экан: “Барчамиз самолётлар товушдан тез учаётган, ҳаводан мудофаа ва РЭБ ишлаётган бошқача реалликда яшаётганимизни англаб етмоғимиз керак”, деб айтди. Бироқ у портлашга ўхшаш овозлар эшитилганига нима сабаб бўлганини очиқламади.

Портлашлар тўғрисидаги маълумотларни бошқа манбалардан текширишнинг ҳозирча имконияти мавждуд эмас.

1 мартга ўтар кечаси Қримнинг шимоли ва ғарбидаги турли туманларда ҳам портлаш овозлари эшитилган. Россия Мудофаа вазирлиги Украина дронлари ҳужум қилгани тўғрисида билдирди.

“Украинанинг олтита жанговар учувчисиз бошқариладиган аппаратлари ҳаводан мудофаа тизими воситасида уриб туширилди. Украинанинг яна тўртта дрони радиоэлектрон кураш тизимлари орқали ишдан чиқарилди. Ерда вайронлар ва қурбонлар бўлишига йўл қўйилмади”, дейилади вазирлик баёнотида.

28 февралда Россия шаҳарларига дронлардан беш маротаба ҳужум бўлгани иддао қилинган эди. Киев бу ҳужумларга алоқаси йўқлигини расман билдирди.