Россия аннексия қилган Қримда “Қрим.Реалии” сайтининг жамоатчи мухбири Владислав Есипенко 16 февраль куни суд томонидан 6 йиллик қамоқ жазосига ва жаримага тортилди.
“Озод Европа/Озодлик радиоси" лойиҳаси бўлган “Қрим.Реалии” сайти фрилансери “гранатани ноқонуний сақлаган ва ўзи билан олиб юрган” деган айблов билан судланди. Прокурор Есипенкога 11 йиллик қамоқ жазосини сўраган эди.
Россия ва Украина фуқароси бўлган Владислав Есипенко ўтган йилнинг мартида Украина махсус хизмати фойдасига жосуслик қилганликда гумонланиб Қримда қўлга олинган эди. Россия ФСБси унинг автомашинасидан “портловчи моддага ўхшаш мослама” топилганини, у “айбини тан олгани”ни иддао қилган.
Россия терговчилари Есипенконинг олдига бир ой мобайнида адвокатларни киритган эмас. Бу давр ичида ўзининг қийноқларга солинганини, унинг машинасига граната махсус хизматлар томонидан ташлаб қўйилганини Есипенко адвокатлар киритилганидан сўнг гапириб берган эди.
“Озод Европа/Озодлик радиоси" президенти Жейми Флай жамоатчи мухбирнинг қамалиши муносабати билан эълон қилган баёнотида “Кремль аннексия қилинган Қримда муқобил ахборот манбаларини қўрқитиб, қувғин қилаётган бир пайтда Есипенконинг қамалиши катта хавотирларга сабаб бўлмоқда. У тезда қамоқдан озод этилиши шарт”, деб билдирди.
“Озод Европа/Озодлик радиоси"нинг 23 хизмати жаҳондаги 27 тилда ўз эшиттиришларини эфирга узатиб келади.
“Қрим.Реалии” сайти 2014 йилда Россия Қримни аннексия қилгани ортидан ташкил этилган.