Россия томонидан аннексия қилинган Қримда Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) ходимлари мусулмонларнинг уйларида тинтув ўтказяпти. “Қрим бирдамлиги” ҳаракати фаолларига кўра, бу каби тинтувлар Совет туманидаги Абдулборий Махамадаминов, Белогорскдаги Азамата Эюпов, Симферополдаги Тимур Ялкабов ва Ленур Сейдаметов, Боғчасаройдаги Эрнест Ибрагимов ва Олег Федоров ҳамда Севастополдаги Яшар Шихаметов уйларида ўтказилган.
Ҳаракат вакилларининг айтишича, ФСБдан уларга тинтувлар жиноят иши доирасида ўтказилаётганини билдиришган. Тинтув ўтказилаётган жойдаги гумонланувчиларнинг яқинларига эса махсус хизмат ходимлари гап террор ташкилотига аъзолик ҳақида бораётганини айтганлар.
Тинтувдан кейин беш киши ФСБнинг Симферополдаги бошқармаси биносига сўроқ учун олиб кетилган.
Эрнест Ибрагимов 10 йилдан кўпроқ “Салачик” кафесида ошпаз бўлиб ишлаган. Кафе эгаси Марлен Асанов Ҳизбут-Таҳрир оид иш бўйича 19 йилга қамалган.
Азамат Эюпов эса 2019 йил июлида Москвадаги Қизил майдонда ўтказилган қрим татарларининг норозилик намойишчиси иштирокчисидир. У Қримдаги мусулмонларга қарши иш бўйича очиқ маҳкамаларда ҳам мунтазам равишда иштирок этиб келган.
Куни кеча Россия ФСБси Қрим ва Татаристонда махсус хизмат ходимлари мамлакатда тақиқланган террор ташкилотларини молиялашга алоқадорликда гумонланган бир гуруҳ шахс қўлга олинганини билдирган.
Қрим Россия томонидан 2014 йилда аннексия қилинганидан кейин юз нафардан зиёд қрим татари “Ҳизбут-Таҳрир” ҳаракатига алоқадорлик важи билан жиноий таъқибга учраган. Россия Олий суди 2003 йили “Ҳизбут-Таҳрир”ни террор ташкилоти ўлароқ тан олиб, мамлакат ҳудудида мазкур ташкилот фаолиятини тақиқлаган. Украина ва Европанинг кўп мамлакатларида бу ташкилот тақиқланган эмас.