Қуддусда 30 ноябрь куни М-16 милтиғи ва тўппонча билан қуролланган икки ҳужумчи автобус бекатида уч кишини отиб ўлдирди ва бир неча кишини яралади.
Қуддус ғарбида содир этилган ҳужумда дастлаб икки киши ўлгани хабар қилинган эди. Хабарларда айтилишича, 24 ёшли аёл, 73 ёшли эркак, раввин ва ҳозирча ёши аниқланмаган бир аёл ҳалок бўлган. Уч киши оғир яраланган, яна уч киши енгил жароҳатланган.
Ҳарбийлар ва қуролланган фуқаролардан бири ҳужумчиларга қарши ўқ отган. Оқибатда ҳужум қилганлардан бири воқеа жойда ўлган, унинг шериги эса яраланган.
Исроил полицияси ҳодисани теракт сифатида баҳолади. Мазкур ҳужум Ғазода АҚШ ва ЕИ томонидан террорчи деб тан олинган ҲАМАС радикал гуруҳига қарши уруш олиб борилаётган бир пайтда содир этилди. Ғазо бўлгасида вақтинча оташкесим эълон қилинган.
Ҳозирча ҳеч бир гуруҳ ҳужум учун масъулиятни ўз зиммасига олмади. Полициянинг билдиришича, ҳужумчилар ака-ука бўлган. Улар бундан аввал террорчиликка алоқадорликда гумонланиб бир муддат қамоқда ўтирган. Исроил миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен Гвир ҳужумчилар ҲАМАС аъзолари бўлганини айтмоқда.