Қуддусдаги тўқнашувлар: 200 дан зиёд фаластинлик касалхонага ётқизилган

Ғазо минтақасидан Исроил тарафга отилган ракета, 2021 йил 10 майи

Қуддуснинг Ал Ақсо масжиди атрофида 10 май куни Исроил полицияси билан кечган тўқнашувларда 300 нафардан зиёд фаластинлик жароҳат олган.

230 га яқин киши шифохоналарга ётқизилган бўлиб, улардан етти нафарининг аҳволи оғир, дея хабар қилди Associated Press агентлиги фаластинлик врачлардан олинган маълумотга таянган ҳолда.

Ливаннинг Al Mayadeen телеканали хабарига кўра, 10 май куни кечга бориб тўқнашувлар барҳам топган.

Associated Press агентлиги полиция кўздан ёш оқизувчи газ ва шовқинли гранаталар қўллаганини хабар қилган. Қуддус маъмурияти шаҳарнинг араблар яшайдиган қисмида юз берган тўқнашувлар сабаб Ибодат тоғига чиқиш йўлини вақтинча ёпиб қўйишга қарор қилган.

Душанбада Қуддус куни нишонланиши белгиланган эди: бу байрам 1967 йили Олти кунлик урушдан сўнг Қуддуснинг шарқий қисми Исроил назорати остига ўтиши муносабати билан эълон қилинган. Бу йил Қуддус куни мусулмонларнинг муқаддас Рамазон ойига тўғри келди.

Исроил Мудофаа армияси матбуот хизмати ўз твиттерида 10 май куни ХАМАС гуруҳи жангарилари Исроил ҳудудига учта ракета билан ҳужум қилганини маълум қилган. Бунга жавобан Исроил ХАМАСга қарашли объектларни ўққа тутган. Араб манбалари мазкур ҳаво зарбаларидан 20 нафар фаластинлик нобуд бўлганини ёзмоқда.

Аввалроқ АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан исроиллик ҳамкасби Меир Бен-Шабат билан телефон орқали мулоқоти чоғида Қуддусдаги вазиятдан ташвишда эканини билдирган эди.