Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзодхон Қудратхўжанинг чиқиши атрофида Россия билан юзага келган дипломатик можаро борасида сукут сақламоқда.
14 февраль куни Россия Ташқи ишлар вазирлиги Қудратхўжанинг Ўзбекистонда яшаётган ва ўзбек тилини билмайдиган русийзабон аҳоли ҳақида айтган сўзлари юзасидан Москвадаги ўзбек элчисига норозилик билдирганди.
Москва Шерзодхон Қудратхўжанинг ўзбек тилини билмайдиганлар «босқинчи» ёки «аҳмоқ» эканини ўзлари ҳал қилишлари кераклиги ҳақида айтган сўзларини «ўта ҳақоратли ва мутлақо қабул қилиб бўлмас» деб атаган ва Ўзбекистон ҳукуматидан изоҳ талаб қилган.
Ўзбекистон Миллий медиа ассоциацияси раиси ва ЎзЖОКУ ректори лавозимида ишлаб келаётган Шерзодхон Қудратхўжа YouTube платформасидаги AlterEgo каналига берган интервьюсида Карл Марксга иқтибосан бир мамлакатда узоқ йил яшаб, унинг тилини ўрганишни истамаган кишиларни “босқинчи ёки аҳмоқ” экани ҳақида гапирган.
Қудратхўжанинг ўзи Москванинг ғазабига сабаб бўлган сўзлари юзасидан қўшимча изоҳ бергани йўқ, айни пайтда тармоқ фаоллари расмий Тошкент қандай жавоб бериши мумкинлигини тусмоллашмоқда.
Айрим тармоқ фойдаланувчилари Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигини журъатсизлик ва ҳаракатсизликда ҳам айблашган.
"Ўзбекистон расмийлари мум тишлаб ўтиргани хавотирли. Россия томони Ўзбекистондан бир ўзбекистонликнинг Ўзбекистондаги масалага доир бир шахсий фикри юзасидан расман изоҳ талаб қиляпти ҳамки, бизнинг расмийлар ҳозирча жим. Агар расмий изоҳ бериладиган бўлса, агар шу шов-шув ортидан Қудратхўжа у ёки бу ишидан кетадиган бўлса, яна урди Худо", деб ёзди журналист Муҳрим Аъзамхўжаев.
Русийзабон блогер Никита Макаренко ўзбек тилида пост ёзди:
“Агар биз, ўзбекистонликлар, барчамиз ўзбек тилида гапиришни ва ёзишни бошласак, Россия ТИВ ҳеч нарсани тушунмайди. У ерда ҳеч ким бизнинг тилни билмайди. 100 блогер ўзбек тилида ёзади, ҳеч қандай реакция бўлмайди. Элчихонада, эҳтимол, Миробод бозорига ҳам таржимон билан боришади. Бошқа элчилар камида “символически” ҳурмат белгисини кўрсатишга ҳаракат қилишади. Дарс оладилар, ўзбек тилида гапиришади. Фақат “шимолий” дипломатларга бу ўз қадр-қимматларидан паст деб ҳисобланади”.
“Бу кетишда энг яқин стратегик ҳамкори ҳисобланган Марказий Осиё давлатларини ҳам ўзига ашаддий душман қилиб олади булар. Токи мана бундай империалистик риторикаларидан воз кечишмас экан, замонавий Россия яккамохов бўлишга маҳкум”.
Platforma.uz
“Шерзодхон Қудратхўжа ҳодисасига оид дипломатик мунозаралар ҳали охирига етгани йўқ. Биз истардикки, энди бўйин эгмаслик керак. Тиззаларимиз бир марта қалтирамаслиги, бошимизни баланд тутмоғимиз керак. Абдулазиз Комилов “варианти” энди қайтарилмаслиги керак! Зотан, биз ҳам, Қудратхўжа ҳам гуноҳ иш қилгани йўқ. У сўраган бўлса, ўзининг, миллатининг ҳаққини сўради!”
Bakiroo
“Кремлнинг доимий хатоси, уларнинг чириган империя кибри шунчаликки, постсовет ўлкаларида миллий тилдаги контентларни умуман кузатишмайди, назар писанд этишмайди. Украинада бизни нон ва туз билан кутиб олишади, деган хомхаёл ҳам шу контекстда шаклланган.
Биз ҳақимиздаям шундай қараши бор. Қудратхўжага нисбатан Ўзбекистонда ижтимоий қўллов йўқ, у маргинал, деб нафақат умид қилишмоқда, жиддий ўйлашмоқда ва ўйлашаверсин. Бу уларни янги ва янги хатоларга йўналтираверади.
Ўзбекистонда миллий давлатчилик ва миллий ўзлик ҳимоясига нисбатан кучли ижтимоий зеҳният мавжуд. Ҳар бир йўқ жойдан уюштирилган эксцесс бу зеҳниятни заифлаштирмайди, қайтанга концентрациясини ошириб, мустаҳкамлайверади”.
Қизиқ, элчимизни таклиф қилишмабди, балки чақиришибди. Бутун бошли "Ўзбекистонни босиб олайлик" деган аҳмоқнинг гапидан кейин бизнинг ТИВ Россия элчисини таклиф қилган эди. Ким билсин, балки бизникилар ўшанда хижолат бўлиб, узр ҳам сўрашгандир...
...бизникилар ҳам худди русларнинг ўзи каби жавоб бериши керак: Шерзодхон Қудратхўжанинг фикри ўзининг шахсий позицияси бўлиб, сўз ва фикр эркинлигидан фойдаланяпти. Бу фикрлар Тошкентнинг расмий позициясини англатмайди. Тамом. Етади.
ЎзЖОКУ ректорининг сўзлари россиялик пропагандачиларнинг Ўзбекистонга қарши қаратилган қатор баёнотлари ортидан янграмоқда.
2023 йил 20 декабрь куни ёзувчи ва жамоат арбоби Захар Прилепин Ўзбекистонни Россияга қўшиб олиш даъвосини илгари сурди. Россия элчисининг Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлигига “таклиф этилиши” билан якунланган можаронинг ҳовури ҳали босилмай, 22 январь куни тарихчи Михаил Смолин НТВ телеканали эфирида ўзбекларнинг миллат сифатидаги кўп асрлик тарихини шубҳа остига олди.
Президент Шавкат Мирзиёев 22 декабрь куни ўтган йиғилишда “босимлар” ортидан мамлакат учун манфаатли бўлган “тўғри йўлни топиш” осон бўлмаётганини айтган эди.
Мирзиёев “илгари ўз мақсад ва манфаатларини асосан дипломатия ва сиёсат билан ҳимоя қилиб келган дунёдаги қудратли марказлар энди очиқчасига босим ўтказиш, қарама-қаршилик ва тўқнашувлар йўлига ўтгани"ни таъкидлаган, аммо алоҳида бир давлат номини тилга олмади.