Қирғизистон “Қумтор” олтин конини миллийлаштириш жараёнини якунлади

"Қумтор" олтин кони.

Қирғизистон президенти маъмурияти “Қумтор” олтин конини Канада ширкатидан давлатга қайтариб олиш жараёни бутунлай якунланганини билдирди.

Билдирувда Қирғизистоннинг Британиядаги элчилигида 29 июль куни Канаданинг "Центерра Голд" ширкати билан ҳужжатларни алмаштириш жараёни ўтгани, барча молиявий тўловлар расмий Бишкек фойдасига ҳал бўлгани айтилади.

Баъзи кузатувчилар мамлакатга кон билан бирга бир қатор экологик муаммолар ҳам “мерос сифатида” қолганини айтмоқда.

Олтин конини миллийлаштириш жараёни якунлангани ҳақида Қирғизистоннинг Британиядаги элчиси Улан Жусупов президент Садир Жапаровга маълумот берди. Маълумотда Канаданинг “Центерра Голд” компанияси томонидан конни ишлатиш учун ташкил қилинган “Қумтор Голд Компани” ва “Қумтор Оперейтинг Компани” нинг барча акциялари "Қирғизолтин" ширкатига ўтказиб берилганини тасдиқловчи ҳужжатлар, ишончнома ва гувоҳномалар топширилгани айтилади.

“Центерра Голд” ҳам бу маълумотни тасдиқлади ва бундан буён кондан фойдаланиш ҳуқуқи қирғиз ҳукуматига ўтганини маълум қилди. Эришилган келишувга асосан Қирғизистон 2021 йилнинг 15 майидан бошлаб “Қумтор” конида қазиб олинган олтиннинг эгаси сифатида тан олинди.

Бундан ташқари, келишувга мувофиқ Канаданинг “Центерра Голд” ширкати Бишкекка аввал тўланмай қолган тахминан 11 миллион АҚШ доллари миқдоридаги дивидендни тўлаб беради. Шунингдек, ширкат қирғиз томонига 50 миллион АҚШ доллари миқдорида бир марталик тўлов тўлайди.

"Қумтор" конини Рекультивациялаш фондини бошқариш Қирғизистонга ўтади. Мазкур фонд ҳисобидаги 53 миллион АҚШ доллари ҳам Қирғизистон ҳукумати ихтиёрига ўтказилади.

“Центерра Голд” қирғиз ҳукуматига қарши олиб бораётган барча суд жараёнларини тўхтатади. АҚШда суд жараёни 27 июлда тўхтатилган. Швеция ва Канада судларига эса “Центерра Голд” қирғиз ҳукуматига қарши даъво аризасини чақиртириб олиши ҳақида 28 июлда расмий илтимосномалар жўнатилди.

Президент Садир Жапаровнинг мабуот котиби Эрбол Султанбаев Фейсбукдаги саҳифасида бу кунни “тарихий” деб баҳолади.

"Қумторнинг Қирғиз Республикаси мулкига айланиши тарихий адолатнинг тикланишидир,десам муболаға бўлмас”, - деб ёзди президент матбуот котиби.

Олтин конининг Қирғизистон ихтиёрига ўтказиш жараёни якунланиши тўғрисидаги хабар эълон қилингани ортида мамлакатда бу борада қизғин бахслар бошланди.

Жумладан, сиёсатшунос Эмил Жўрўев Қирғизистон Қумтор конини бошқаришда ошкоралик ва шаффофликни таъминлай олмаяпти, деб ҳисоблайди:

"Кон ўтган йилнинг майида Қирғизистон ҳукумати томонидан миллийлаштирилганидан сўнг олтин қазиш, кондан фойдаланиш, барча асосий жараёнлар бўйича ошкоралик бўлмаяпти. Қирғиз ҳукумати бундан аввал ҳам яхши бошқарувчи эканини исботлай олмаган. Ҳукумат конни Канадаликлардан ҳам яхшироқ бошқаради, деб айтиш қийин”.

Яна бир кузатувчи Нурсултан Ақилбек, мамлакатга "Қумтор" билан бирга бир қатор муаммолар ҳам ўтганини, уларнинг ҳал қилиниши эса шубҳа остидалигини айтади:

"Бизга "Қумтор" билан бирга катта экологик муаммо ҳам мерос бўлиб қолади. Қирғизистон суди бекордан бекорга Канада ширкатига икки миллиард доллар жарима белгиламаган. Катта масалаларни энди ўзимиз ҳал қилишимиз шарт бўлади. Қолаверса, "Қумторда қанча олтин қолди” деган савол ҳам очиқлигича қолмоқда.Бундан ташқари "Центерра" "Қумтор" конидан воз кечиш иблан бирга Қирғизистонга 60 миллион доллардан ортиқ пулни қайтариб бермоқда. Бунинг эвазига Қирғизистон “Центерра”нинг бошқа активларидан бош тортган. Шу масалада аудит ўтказилмаган".

Ўтган йилнинг апрелида Қирғизистон билан “Центерра Голд” даъво-аризаларидан бош тортиш ва ўртадаги талаш масалаларни ҳал қилиш бўйича келишимга эришган. Унга мувофиқ, Қирғизистон “Центерра Голд” га акцияларнинг 26 фоизини ўтказиб бериб, барча экологик ва молиявий даъволаридан бош тортган. “Қумтор Голд Компани”нинг 100% акцияси эса Қирғизистонга ўтган.

Йил бошида Министрлар кабинети 2021 йилда конда 14 минг 561 килограм олтин қазиб олингани, уни сотишдан тушган умумий фойда 856 миллион долларни ташкил этганини билдирган. 2022 йилда Қумтордан расман 17,5 тонна олтин қазиш режаси борлиги маълум қилинган.