Қўқондаги “Шедевр” чойхонасидаги жанжалда гумонланиб 50 ортиқ йигит ҳибсга олинди

6 февраль куни "Шедевр" чойхонасида ўқ еган Бахтишод Мамажонов.

Қўқон шаҳридаги “Шедевр” чойхонаси олдида 6 февраль куни кечаси қирқма ов милтиғидан уч киши яраланиши ва уларнинг ўн суткага қамалиши воқеаси ортидан 14 февраль куни шу жанжалга алоқадорликда гумон қилинган 50 нафардан ортиқ йигит ҳибсга олинди.

Ота-оналарнинг айтишларича, ДХХ ва Қўқон шаҳар ички ишлар бўлими ходимларидан таркиб топган гуруҳ уйма-уй юриб, гумонланувчиларнинг уйларида тинтув ўтказган ва уларни ички ишлар бўлимига олиб келган.

Шу куннинг ўзида Қўқон шаҳар ички ишлар биносида бу йигитларнинг иши маъмурий судда кўрилиб, уларга 3-15 суткадан қамоқ жазоси берилган.

Қўқон шаҳар ИИБ навбатчиси бу ҳақда ахборот берилмаслигини айтди.

Қўқон шаҳрининг Тўғонбоши маҳалласида яшайдиган 27 яшар Лазизжон Мадаминов ҳам 14 февраль куни уйидан олиб кетилган.

Лазизжоннинг отаси Баҳромжон Мадаминовнинг айтишича, эрталаб уларнинг уйига ДХХ ва ички ишлар органи ходимлари келган:

Тақиллатишди, эшикни очсам бир гуруҳ милиция ходимлари турибди.


- Соат 7 яримлар эди. Тақиллатишди, эшикни очсам бир гуруҳ милиция ходимлари турибди. Менга бир қоғозни кўрсатишди, бу ДХХ ва шаҳар прокурорининг тинтув ўтказиш ҳақидаги қарори, деди. Ўқиб кўрсам 6 февралда “Шедевр” чойхонасида тартибсизлик бўлган экан, шунга кўра Мадаминов Лазизжоннинг ноқонуний фаолиятига чек қўйиш юзасидан, уйда тинтув ўтказиш тўғрисида деган қарор экан. Киришди, тинтув қилишди. Ҳеч нарса топишолмади. Кейин мошинасини тинтув қилишди, мошинада ёғоч ва темир бор экан. Ўшани олиб, ўғлингиз биз билан боради, тушунтириш хати ёзиб қайтиб келади, дейишди.

Баҳромжон Мадаминовга кўра, у ўғли билан бирга Қўқон шаҳар ИИБга борган:

Протоколни ўқисам, "келгусида жиноят содир қилмайман, ҳуқуқбузарлик қилмайман", деб ёзилган экан.


- Борсак, милисахонага шундай кираверишда иккита ходим стол қўйиб олиб, баённома расмийлаштиряпти экан. Кейин ўғлимни ҳам чақиришди. Мен протоколни олиб ўқисам, "келгусида жиноят содир қилмайман, ҳуқуқбузарлик қилмайман", деб ёзилган экан. Мен бу жиноятчи эмаску, нега у имзо қўйиши керак десам, мен билан бирга борган жиноят қидирув бўлими ходими, бу ёққа сиз нимага кирдингиз, чиқариб ташланглар буни деди. Мен чиқмайман десам, ёзаётган милиция ходими мана ҳамма қўл қўяяпти деб ўттизтача протоколни менга кўрсатди. Мен тортишиб турсам улар ўғлимга қўл қўйдириб, иккинчи қаватга олиб кетишди.

Исми сир қолишини сўраган бошқа отанинг айтишича, 14 февраль куни 50 нафардан ортиқ йигитларни уйларидан олиб келинганига у гувоҳ бўлган:

- Мелисахонанинг олди ота-оналарга тўлиб кетди. Ҳамма нега боламни ичкарига олиб кириб кетдиларинг деб норозилик билдира бошлади. Тез ёрдам машинаси ичкарига кириб кетганидан кейин, хавотир яна ҳам кучайди. Ота-оналар, болаларимизни усти юпун, қорни оч кийим, овқат-иссиқ кийим олиб келдик, деса ҳам қабул қилишмади. Кечгача турдик. Норозилик кучайгач Қўқон шаҳар ҳокими келиб тинчитгандай бўлди ва овқат кийимларни йигитларга олиб кириб беринглар деб кўрсатма берди.

Отанинг сўзларига кўра, кеч бўлганига қарамай ички ишлар биносида йигитларнинг ишини судья кўриб, уларнинг ҳаммасига қамоқ жазоси тайинланган:

Биз ана шу ўн суткада буларни қийноққа солиб, қилмаган айбларини ҳам бўйнига олдириб юборишидан чўчияпмиз.


- Маъмурий ишлар бўйича судьяни ИИБга олиб келишган. Менинг аёлимга ҳам телефон қилишиб, ўғлимга ўн сутка берганини айтишган. Менимча, кираверишда баённомаларга “келгусида жиноят содир қилмайман, ҳуқуқбузарлик қилмайман” деб ёздириб олишганидан ҳам мақсад шу бўлса керак. Адвокатсиз, ҳеч қандай ҳимоясиз, ҳуқуқсиз ана шундай молсуд қилиб юборишди. Бизнинг хавотиримиз бу ўн суткада ҳам эмас, биз ана шу ўн суткада буларни қийноққа солиб, қилмаган айбларини ҳам бўйнига олдириб юборишидан чўчияпмиз.

Қўқон шаҳар ИИБнинг исми сир қолишини сўраган участка нозирларидан бири, ўнлаб йигитлар “Шедевр” чойхонасидаги отишма ортидан 14 февраль куни ўнлаб йигитлар ҳибсга олиниб, маъмурий жазога тортилганини тасдиқлади.

Қўқон шаҳар ИИБнинг навбатчиси эса бундай воқеадан хабари йўқлигини айтди.

Эслатиб ўтамиз, Озодлик 6 февраль куни соат 00.10 ларда Қўқон шаҳар, Генерал Узоқов кўчасида жойлашган “Шедевр”чойхонасида бир фуқаро чойхона кириш эшиги олдида турган уч кишини ов милтиғидан икки марта ўқ отиб яралагани ҳақида хабар қилган эди.

Ўқ узган шахс қўлга олинган. Аммо, ўқ еган уч йигит баданидаги сочма ўқлар ҳали тўла олинмай туриб ҳисбга олинган ва Фарғона тумани Жиноят ишлари бўйича суди қарори билан ўн суткага қамалган.