Шаҳрисабзлик фермер 25 июлдан 31 июлгача далаларини суғориш учун секундига 80 литрдан сув олиши керак эди. Айтишича, белгиланган муддатда сувни очиши биланоқ ИИБ бошлиғи буйруғини бажарган Миллий гвардия ходимлари ёпишга мажбур қилди.
Фермер 25 июль куни Миллий гвардия ходими билан сув устида юз берган жанжал акс этган видеони Озодликка тақдим этди.
ИИБ бошлиғи Озодликка ўз секторида сув тақчиллиги йўқлиги, у лимитда белгиланган сувнигина олаётганини билдирди.
Бу йил Ўзбекистонда қурғоқчилик кузатилмоқда. Сўнгги бир ой ичида сув устидаги жанжал ўлим билан тугаган иккита ҳолат Озодликка маълум.
“Шаҳрисабз туман ички ишлар бошлиғи Олим Тожиев 15 ходимини каналнинг отводларига қоровул килиб қўйиб, сувни ҳеч кимга бермай, ўзининг секторидаги далаларга оқизмоқда”.
Бу хабар Озодликка шаҳрисабзлик фермер, 63 яшар Нўъмонжон Юсуповдан келди. Фермернинг ёзишича, у сувни қўриқлаётган Миллий гвардия ходимларидан бири билан гаплашган:
“Миллий гвардия ходимининг айтишича, Шаҳрисабз туман ички ишлар бўлими бошлиғи Олим ака Тожиев сувни ҳеч кимга бермасдан, фақат унинг секторига бериш тўғрисида топшириқ олган экан”.
Озодлик 26 июлда фермер Нўъмонжон Юсупов билан ҳам, ИИБ бошлиғи Олим Тожиев билан ҳам гаплашди.
Фермер Нўъмонжон Юсуповнинг айтишича, бу йил у 28 гектар майдонда деҳқончилик қилмоқда:
“28 гектарнинг 2 гектарига мевасини экспорт қиламан, деган ният билан малина эккан эдим. Сув йўқ қуриб қолди. 7 гектарга сепилган буғдой ўрнига Президентимиз гапи билан камбағалларга экин қилиб бердик. Қолган ерга писта билан ерёнғоқ экканман. Сув йўқ, умуман ҳосилсиз қолиб кетадиган бўлиб турибман”.
Маълум бўлишича, фермерлар маҳаллий Сув истеъмолчилар уюшмаси билан шартнома тузган ва ўша ҳужжатга биноан уюшма фермерларга сув ажратади. Масалан, фермер Нўъмонжон Юсуповнинг далаларига 25 июль соат 15.00 дан 31 июль соат 13.00 гача секундига 80 литрдан сув келиши лозим эди.
Бироқ бундай бўлмаяпти. Фермернинг айтишича, 25 июль куни Сув истеъмолчилари уюшмаси (СИУ) бошлиғи Абдурасул (фамилияси номаълум) унга каналдан сув олиш учун рухсатномани ёзиб берган.
“Рухсатномада кўрсатилган вақт: 25 июль, кундуз соат 3 да фермер мен СИУ бошлиғи Абдурасул билан сувни оча бошладик. Шу пайт сал нарида машинада ўтирган Миллий гвардия ходими олдимизга келиб, сувни ёпишни талаб қила бошлади”, деди Нўъмонжон Юсупов.
Воқеанинг давоми фермердан келган видеода акс этган.
Видеода формали ёш йигит кўринади. Кадр ортидан эса, формалига саволлар бераётган эркак овози эшитилади. Овоз Озодлик суҳбатлашган фермер Нўъмонжон Юсуповникига ўхшаш. Фермернинг ўзи овоз уники эканлигини эътироф этди. Фермер формалидан “сувга нима алоқангиз бор”, деб бир неча марта сўрайди. Формали саволларга жўяли жавоб бермайди. Видеога олишни тўхтатишни талаб қилади. “Мен сизга сувни очманг, демадим, очмай туринг, дедим. Бошлиқ телефон қилсин”, дейди. Фермернинг “Қайси ташкилотдан келгансиз”, деган саволига формали “Миллий гвардиядан” деб жавоб беради. Шундан сўнг фермер Миллий гвардия ходимига сув олишга рухсатнома – лимит қоғозини кўрсатади. Гвардиячи телефонида ҳужжатни суратга олади. Видео шу жойда тугайди.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Фермер Нўъмонжон Юсуповнинг Озодликка айтишича, шундан сўнг Миллий гвардиячи Шаҳрисабз туман ички ишлар бўлими бошлиғига телефон қилади. Бир неча дақиқадан сўнг яна 3-4 ходим етиб келади ва соат 15.00 да очилган сув 15-20 дақиқа ҳам оқмай, яна ёпилади.
Озодлик СИУ бошлиғи Абдурасул билан боғланди. Абдурасул 25 июль кунги воқеани шарҳлашни истамади. Саволларга берган ягона жавоби бу бўлди: “Сув навбати билан бериляпти”.
Шаҳрисабз туман ички ишлар бўлими бошлиғи Олим Тожиев Озодликнинг 25 июль кунги воқеа тўғрисидаги саволларини жавобсиз қолдирди. “Ходимларингизни канал бўйлаб қўриқчиликка қўйиб қўйиб, сувни фақат ўз секторингиздаги фермерларга бердиряпсиз эмиш, шу ростми?” деган саволга ИИБ бошлиғи “Мен лимитимдаги сувни оляпман, холос, ортиқча олмаяпман”, деб жавоб берди. Гап орасида Нўъмонжон Юсуповни танишини ҳам билдириб ўтди.
Фермер Нўъмонжон Юсупов Озодлик билан суҳбат охирида таассуф билан “билмайман, бундай зўравончилик Ўзбекистонда қачон тугар экан”, деди.
Бу йил Ўзбекистонда қурғоқчилик кузатилмоқда. Жорий йил 24 февраль куни президент Мирзиёев ўтказган видеоселекторда ҳукумат бу йил сув 25 фоизга кам бўлишини билдириб, қурғоқчиликка қарши чоралар кўришга ваъда қилган.
Сўнгги пайтларда Ўзбекистонда сув талашган деҳқон ва фермерлар бир-бирининг жонига қасд қилиш ҳолатлари ҳам кузатилди. Сўнгги бир ой ичида сув устидаги жанжал ўлим билан тугаган иккита ҳолат Озодликка маълум.
Ўтган ҳафта Ўзбекистон Қозоғистоннинг Туркистон вилоятидаги Мактаарал ва Жетисой тумани фермерларига сув бериш ҳажимини секундига 10 кубометрга кўпайтиришга рози бўлган. Бу ҳақда Қозоғистон Экология, геология ва табиий ресурслар вазирлиги маълум қилди.
Расман билдирилишича, 19 июль куни Қозоғистон экология, геология ва табиий ресурслар вазири Мирзагалиев Ўзбекистон сув хўжалиги вазири Ҳамроев билан Тошкентда учрашган. Учрашув натижасида Ўзбекистон Сирдарёнинг қуйи оқимидан “Дўстлик” канали орқали Қозоғистонга секундига 90 кубометр сув чиқаришга розилик билдирган.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шу йил бошида Марказий Осиёни қаттиқ қурғоқчилик кутаётгани ҳақида огоҳлантирганди.
БМТ экспертлари минтақа ва жаҳонда кузатилаётган қурғоқчиликни иккинчи пандемияга тенглаштирмоқда. Уларга кўра, бунга нақафат глобал иқлим исиши, балки сув захираларидан нооқилона фойдаланиш ҳам сабабчи. БМТ ҳисоб-китобича, Марказий Осиёдаги ерларнинг қарийб 37 фоизи деградацияга учраб бўлган.