15 январь куни оммавий ахборот воситалари учун брифинг ўтказган Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазири Ботир Зокиров Жиззах шаҳрида қулаган бино пудратчиларининг "хаёли ўғриликда бўлгани"ни таъкидлади.
“Пудратчи ташкилотнинг хаёли ўғрилик бўлган... Қурилиш конструкцияларида ишлатиладиган бетон маркаси 250-300-400 бўлади. Бу ҳолатда бетон маркаси 3-4 бараварга туширилган. Шунинг учун устунларнинг кўтариш имкони йўқ» деди вазир.
Матбуот анжуманида қурилиш бўйича талаб-меъёрларнинг бузилиши, ҳатто бино қулаганидан сўнг ашёларнинг майдаланиб кетгани ҳолатидан ҳайратини яширмаган вазир пудратчи ва буюртмачи келтирилган зарарни тўлиқ ўз ҳисобидан қоплашини таъкидлади.
Вазирнинг таъкидича, буюртмачи ва пудратчига бинонинг орт томонига 10 минг куб тупроқ тўкиб, бинога тираш ва уни демонтаж қилиш мажбурияти юкланган.
Келтирилган каттагина зарар суммасини тадбиркорнинг ўзи қоплайди.
Шу йил 10 январида Жиззах шаҳридаги Мустақиллик кўчасида қурилаётган 6 қаватли уйнинг бир қисми қулаб тушган эди.
Жиззах вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Фаррух Абдураҳмоновга кўра, бино хусусий тадбиркор томонидан қурилган. Бинонинг дастлабки 2 қавати дўконлар ва қолган 4 қавати яшаш учун мўлжалланган.
Расмийлар бино қулаши оқибатида ҳеч ким жабрланмаганини билдирган.
15 январь куни Бош прокуратура бинонинг қулаши юзасидан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилган.