Қурилиш вазири “Сардоба”ни тиклаш иши тендерда ютган ширкатга топширилишини билдирди

Ўтган йил баҳорида ўпирилган “Сардоба” сув омборини қайта қуриш иши тендерда ютган ширкатга топширилади. Бу ҳақда қурилиш вазири Ботир Зокиров 1 март куни Тошкентда ўтказилган матбуот анжуманида билдирган.

Сув омборини қайта қуришга оид лойиҳаларимиз халқаро экспертизадан ўтказилганидан сўнг тендерга қўйилади. Тендер шаффофлик асосида ўтказилади ва унда ким ютиб чиқишини вақт кўрсатади. Олдиндан бир нарса дея олмаймиз. Қайта қуриш жараёни қачон бошланиши ҳам аниқ эмас. Чунки дамбани қайта тиклаш анча вақт олади, буёғига шошилиб бўлмайди”, дея иқтибос келтирган вазир Зокиров сўзларидан Дарё.уз нашри.

Қурилиш вазири ҳукумат қарори билан дамба етказган зарарларни таъмирлаш ва қоплаш ишларини “ТўпалангсувГЭСқурилиш” МЧЖ ҳамда “Ўзбекистон темир йўллари” ўз ҳисобидан амалга ошириши, бунинг учун давлат бюджетидан бир сўм ҳам ишлатилмаётганини қўшимча қилган.

Матбуот анжуманида иштирок этган сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамраев ҳам “Сардоба” сув омборини қайта қуриш бўйича тендер шаффофлик асосида ўтказилишини таъкидлаган.

Унда “ТўпалангсувГЭСқурилиш” МЧЖ қатнашадими, йўқми – билмаймиз. Тендер жараёни якунида қайси ташкилот қуриши маълум бўлади”, деган вазир Ҳамраев.

Ўтган йилнинг 1 май куни Сирдарё вилоятидаги “Сардоба” сув омборида рўй берган техноген фалокат оқибатида Сардоба, Оқолтин, Мирзаобод туманларидаги минглаб аҳоли уйларини сув ювиб кетган, ҳодиса чоғида 6 киши ўлган, 1 киши бедарак йўқолган эди.​ Мазкур тошқин чоғида қўшни Қозоғистонда ҳам 276 квадрат километр майдонни сув босиб, Туркистон вилояти Пахтаорол туманидаги 14 та қишлоқдан жами 31 мингдан зиёд аҳоли эвакуация қилингани айтилган.