Ўзбекистонда ҳокимлар ва бошқа мансабдор шахсларнинг ўзидан паст лавозимда бўлган амалдор ва фермерларни уриши¸ ҳақорат қилиши кўп кузатилади. Бу холат Ўзбекистон президентининг “Зўравон ҳокимларга чора кўриш” борасида 2013 йил айтган гапларидан кейин ҳам давом этаëтгани кузатилади. Сўконғич бошлиқларга Президентнинг гапи кор қилмайдими¸ деган савол жавобини Қурултойда муҳокама қилдик.
Мавзуга Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг маҳаллий тиббиёт мулозимларига аҳоли ўртасида соғлом ҳаёт тарзини рағбатлантиришга ва одамларга очиқчасига "кечаси бўкиб ош емасдан, чўчқадай ароқ ичмасликни" тавсия қилишни буюраркан, уларни очиқдан-очиқ ҳақоратлагани сабаб бўлди.
Бундан олдин Фарғона вилояти Фурқат тумани фермери Азизбек Алиматов ҳоким Нўъмонжон Назировнинг қўпол ва сўконғич раҳбар эканлигидан Озодликка шикоят қилган эди.
Озодлик таҳририятига келиб тушган ва ҳокимнинг овози деб иддао қилинаётган телефон суҳбатларидан бирида ҳоким фермернинг ўзини, унинг онасини, энасини уят сўзлар билан қаттиқ ҳақорат қилган. Фермер бу аудиоёзувни Озодлик радиосига тақдим қилди. Ҳоким фермерни ҳақорат қилганини тан олиб, кечирим сўради.
Жорий ҳафтада Сурхондарё вилояти Шеробод тумани миллий хавфсизлик хизмати бўлими бошлиғи туман тадбиркорларини йиғиб, нақд пул топширишни кўпайтиришни талаб қилди.
Озодликка шикоят қилган тадбиркорларнинг иддао қилишича, МХХ бўлими бошлиғи нақд пул топшириш режасини бажармаган тадбиркорнинг кетига қалампир тиқиш ва уни йўқ қилиб юбориш билан таҳдид қилган эди.
Қурултой иштирокчиларига кўра¸ мустақиллик йилларида аксарият ҳокимларнинг зўравонлик қиëфаси шакллана бошлади ва улар фермерларни ҳақорат қилишгача, ҳатто ҳамманинг олдида калтаклашгача бориб етди.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди