Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари 25 июнь куни “Ўзбекистон Республикасида чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий ҳолати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини учинчи ўқишда қабул қилишган.
Қуйи палата матбуот хизмати маълумотига кўра, мажлисда мазкур қонун лойиҳаси “ҳозирги глобаллашув шароитида Ўзбекистон суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини муҳофаза қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар белгилаш заруратидан келиб чиқиши” қайд этилган.
Ҳужжат билан чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикасида бўлишини номақбул деб топиш асослари ва тартиби белгиланади.
Қонун лойиҳасига мувофиқ, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан “Ўзбекистоннинг давлат суверенитетига, ҳудудий яхлитлигига ва хавфсизлигига зид бўлган, давлатлараро, ижтимоий, миллий, ирқий ҳамда диний адоватни келтириб чиқарувчи, Ўзбекистон халқининг шаъни, қадр-қимматини ёки тарихини таҳқирловчи мазмундаги оммавий чиқишлар қилиш ёхуд ҳаракатлар содир этиш уларни Ўзбекистон Республикасида бўлиши номақбул деб топиш учун асос бўлиши мумкин.
Лойиҳада мамлакатда бўлиши номақбул деб топилган шахсларга беш йил давомида Ўзбекистонга кириш, банкларда ҳисобварақ очиш, кўчмас мулк сотиб олиш, давлат мулкини хусусийлаштиришда иштирок этиш, молиявий ва шартномавий муносабатларга киришишни тақиқлаш таклиф этилган.
“Қонун лойиҳасида мамлакатда бўлиши номақбул деб топилган шахсларни депортация қилиш асослари ва тартиби ҳам назарда тутилган”, дейилган палата матбуот хизмати хабарномасида.
Қайд этилишича, лойиҳа бўйича мунозаралар чоғида депутатлар қонун лойиҳасининг қабул қилиниши Ўзбекистоннинг давлат суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва хавфсизлигини мустаҳкамлашга, мамлакатда давлатлараро, миллатлараро, динлараро аҳиллик, тотувликни ҳимоя қилишга ҳамда Ўзбекистон халқининг шаъни, қадр-қиммати ва тарихи ҳурмат қилинишини таъминлашга хизмат қилишини таъкидлашган.
Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари томонидан ишлаб чиқилган мазкур қонун лойиҳаси қуйи палатага кўриб чиқиш учун киритилгани ҳақида тақрибан икки ҳафта муқаддам маълум бўлган эди. Ўша пайтда лойиҳа “Қозоғистон, Озарбайжон, Россия Федерацияси, Польша, Беларусь, ХХР каби давлатларнинг илғор тажрибасидан келиб чиққан” ҳолда ҳозирлангани билдирилганди.
Бунинг ортидан ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида қонун лойиҳаси юзасидан турли мунозаралар кузатилган, ўзбекистонлик айрим фойдаланувчилар бу ҳужжатга Россиянинг “хорижий агентлар”га оид баҳсли қонунидагига ўхшаш моддалар киритилиб қолиши мумкинлигидан хавотир изҳор этган эдилар.
Мазкур лойиҳа қонун мақомини олиши учун Олий Мажлис Сенати томонидан маъқулланиши ва мамлакат президенти томонидан имзоланиб, расмий матбуотда эълон қилиниши лозим.