Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 3 декабрь кунги мажлисида 2024 йил учун давлат бюджети тўғрисидаги қонунга ўзгартишлар киритилди.
Унга кўра, давлат органларининг харажатлари қўшимча равишда 9,98 триллион сўмга оширилди. Шу тариқа давлат бюджети харажатлари аввал тасдиқланган 255,4 триллион сўмдан 265,4 триллион сўмга кўпайтирилди.
Gazeta.uz нашри хабарига кўра, мажлисга йиғилган депутатларнинг барчаси ўзгаришларни бир овоздан ёқлаб овоз берган. Муҳокама жами 9 дақиқа давом этган. Шундан 5 дақиқаси Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Аҳадбек Ҳайдаровнинг нутқига сарфланган.
Ҳукумат таклиф қилган лойиҳага асосан, бюджет ташкилотларидаги вакант лавозимлар ва самарасиз, бир-бирини такрорловчи штат бирликларини қисқартириш ҳисобига 1 триллион сўм, болалар нафақалари ва моддий ёрдамдан 2 триллион сўм, вазирлик ва идораларни ривожлантириш учун ажратилган маблағлардан 1,7 триллион сўм иқтисод қилиниши кутиляпти.
Иқтисодий таҳлилчи Отабек Бакиров давлат ташқи қарзининг йиллик лимити 5 миллиард доллардан 7,3 миллиард долларгача оширилганига эътибор қаратган.
“Қонунчилик палатаси залида қўр тўкиб ўтирган пўрим депутатларнинг бирортаси ҳам қарши овоз беришга журъат этмагани”ни танқид қилган жамоатчилик фаоллари ҳукумат ҳам, парламент ҳам давлат харажатларини ошириш зарурлигини асослаб бермаганини танқид қилишган.