Миср билан Ғазо сектори чегарасидаги “Рафаҳ” назорат-ўтказиш масканида исроиллик ва мисрлик ҳарбийлар ўртасида чиққан отишмада мисрлик бир аскар ҳалок бўлди, яна бир неча нафари яраланди. Исроилликлар орасида жабрланганлар йўқ.
Қоҳира содир бўлган ҳодисада Исроил томонини айблади - расмийлар отишмани исроиллик аскарлар бошлаганини маълум қилишди.
Ўз навбатида, Исроил мисрлик аскарлар ЦАХАЛ (Исроил армияси) аскарларини ташиган юк машинасига қарата ўт очганини, исроилликлар бунга жавобан қуролларини ишга солганини иддао қилмоқда.
Исроил нашрларининг ёзишича, Исроил ва Миср мамлакатлар ўртасида можаро келиб чиқишини истамаяпти ва ҳодиса юзасидан қўшма суриштирув олиб боришмоқда.
Исроил армияси май ойи бошида ҲАМАС гуруҳига (АҚШ ва Европа Иттифоқида террор ташкилоти деб тан олинган) қарши бошланган амалиёт доирасида Ғазо сектори тарафидан “Рафаҳ” назорат-ўтказиш масканини ўз назорати остига олган. Мазкур амалиёт ҲАМАС вакилларининг ўтган йил 7 октябрида Исроил жанубига ҳужум қилиб, 1200 дан зиёд тинч аҳоли вакилини ўлдиргани, 250 дан зиёд кишини гаровга олиб, Ғазога олиб чиқиб кетгани ортидан бошланган. Исроил ҳарбий амалиётдан мақсад Ғазо секторида ҲАМАСни бутунлай йўқ қилиш эканини билдирган. Исроил иддаосича, Рафаҳ жиҳодчиларнинг сўнгги таянч нуқтаси бўлиб ҳисобланади.
ҲАМАС назорати остидаги Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги секторда жанговар ҳаракатлар бошидан буён 35 мингдан зиёд фаластинлик нобуд бўлганини иддао қиляпти.
Дунёдаги кўплаб мамлакатлар Исроилни Ғазодаги тинч аҳоли вакилларига нисбатан ҳаддан зиёд шафқатсизликда айбламоқда. Исроиллик ҳарбийлар фақатгина ҲАМАС инфратузилмасига ҳужум қилаётганларини ҳамда гуруҳ тинч аҳолидан тирик қалқон ўлароқ фойдаланган ҳолда, ўз объектларини одамлар зич яшайдиган ерларга жойлаштираётганини даъво қилиб келяпти.