Раҳбарларнинг коррупцияга мойиллик даражаси баҳоланади

Иллюстратив сурат

Ўзбекистон Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг Раҳбар кадрларни баҳолаш марказида 2025 йил февраль ойидан бошлаб йил давомида камида 500 нафар раҳбарлик лавозимларида ишлаётган ва ушбу лавозимлар учун захирада турганларнинг коррупцияга мойиллик даражаси баҳоланади.

Жамоатчилик муҳокамасига қўйилган 2025 йилга мўлжалланган давлат дастури лойиҳасида ана шу талаб илгари сурилган.

Ҳужжатда мулозимларнинг коррупцияга мойиллик даражасини ўрганиш Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг буюртмаси асосида ўтказилиши қайд этилган.

Gazeta.uz нашрининг аниқлик киритишича, давлат хизматчиларида коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, уларга “ҳалоллик вакцинаси”ни сингдириш ҳамда бу борада превентив механизмларни жорий этиш ҳам кўзда тутилмоқда.

Бу доирада БМТнинг Коррупцияга қарши кураш конвенцияси, халқаро ташкилотлар томонидан Ўзбекистонга билдирилган тавсиялар ҳамда бошқа халқаро стандартларнинг бажарилишини мониторинг қилиш бўйича электрон платформа ишга туширилади.

Лойиҳада давлат хизматчиларида коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни сингдириш бўйича қадриятлар тизимини шакллантириш юзасидан тадқиқотлар олиб бориш, шу асосда таъсирчан чора-тадбирларни жорий этиш каби мақсадлар ҳам баён қилинган.

“Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тўғрисида миллий маъруза”га кўра, 2023 йилда коррупцияга оид жиноятлар оқибатида давлат манфаатларига 1,4 триллион сўм миқдорида зарар етказилган.

Аввалроқ Коррупцияга қарши курашиш агентлиги 2024 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонда 3837 нафар шахс коррупцияга оид жиноят учун жиноий жавобгарликка тортилганини билдирганди.

Озодлик бир муддат олдин коррупцияга қарши кураш манзарасида юзлаб коррупционер ишга тикланганига эътибор қаратган эди.