Human Rights Watch (HRW) инсон ҳуқуқлари ташкилотига кўра, 28-30 сентябрь кунлари Берлинда ўтказилган норозилик акцияси ортидан Тожикистонда хориждаги мухолифат фаолларининг 50 га яқин қариндошлари ҳибсга олинган ва сўроқ қилинган.
"Ҳибсга олинганлардан айримлари маълум вақтдан сўнг озод қилинган, аммо уларнинг кўпчилиги ҳамон ҳибсда", дейилади ташкилот 6 октябрь куни эълон қилган баёнотда.
Унда айтилишича, Берлиндаги мухолифат фаоллари тожик президенти кортежига тухум отган куннинг эртасига, 30 сентябрь куни ҳуқуқ-тартибот идоралари норозилик акцияси иштирокчиларининг қариндошларидан 47 кишини ушлаган.
Озодликнинг Олмаотадаги мухбири Крис Риклтоннинг ёзишича, Берлинда тожик мухолифатчилари отган тухумлар президент Эмомали Раҳмон машинасига теккан ёки йўқлигидан қатъи назар, расмийларнинг қарши жавоби кескин бўлди.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Озодлик радиосининг тожик хизматига кўра, Тожикистонда дам олиш кунлари бошланган рейдлардан сўнг, Раҳмоннинг Германияда кайфиятини бузган айрим намойишчиларнинг 20 дан ортиқ қариндоши ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ҳибсга олинган.
“Хавфсизлик кучлари уйимизга келиб, аввалига кекса онамни олиб кетмоқчи бўлишди, кейин ўрнига жиянимни олиб кетишди”, дейди Тожикистон илтимосига биноан 2019 йилда ҳибсга олиниб Беларус тергов изоляторида 43 кун ўтирган ва ҳозир Германияда яшовчи тожик фаоли Фарҳод Одинаев.
“Онамдан нима учун (чет элдаги мухолифат) “Миллат пешвоси” машинасига тухум отганини сўрашган”, дейди Одинаев Озодлик радиосига.
Яна бир мухолифатчи Шарофидин Гадоев онасининг унчалик омади келмади.
Гадоевнинг айтишича, 72 ёшли Ойшамо Абдуллаева 1 октябрь куни эрталаб ҳибсга олинган. 29 сентябрь куни Раҳмон кортежига тухум ҳужуми нега уюштирилгани ҳақида Гадоевнинг ҳам оила аъзолари сўроққа тутилган.
“Улар онамни олиб кетишаётганида, жаҳл билан нега ўғлинг [Раҳмонни] диктатор деди, нега Берлинда президент машинасига тухум отди, [нега] тинчгина яшай олмайди?” деб сўрашган», – дейди Гадоев.
Тожикистон полицияси ва хавфсизлик кучлари ҳибсга олинганлар ҳақида ҳозирча изоҳ бермади.
Озодлик манбаларига кўра, Абдуллаева 3 октябрь куни эрта тонгда қўйиб юборилган ўндан ортиқ одамдан биридир.
Мухолифат фаолларининг камида етти нафар қариндоши (барчаси эркаклар) ҳамон ҳибсда.
"Ҳатто узоқ қариндошлар" ҳам азоб чекяпти.
Раҳмон режими узоқ вақтдан бери мамлакат ичидаги ҳар қандай жиддий сиёсий норозиликни бостириб келмоқда. Мухолифатдаги Тожикистон Ислом Уйғониш партияси етакчилари 2016 йилда давлат тўнтаришига уринишда айбланиб узоқ муддатларга қамалган.
Бугун мамлакат ичида ҳеч бир танқидга тоқат қилинмайди.
Европада сиёсий фаол диаспоранинг пайдо бўлиши ички қатағонлар кучайишининг табиий оқибати бўлди ва ҳукумат Берлин, Вена ва Варшава каби Европа шаҳарларида яшовчи танқидчиларни тутиб келтириш учун қўлидан келган барча ишни қилмоқда...
Германия канцлери Олаф Шольц ва президент Франк-Валтер Штайнмайер минтақанинг беш етакчисини қабул қилган вақтда Берлинда овчилар ва ўлжалар юзма-юз келди.
Кейин эса Раҳмоннинг президент кортежига бир йигитнинг тухум улоқтиргани видеоси пайдо бўлди.
Тожикистон расмийлари узоқ вақтдан бери хорижда жойлашган мухолиф гуруҳларни экстремист деб кўрсатиб келади.
Айнан шу гуруҳлардан бири, “24-гуруҳ” тухум ҳужуми учун масъулиятни ўз зиммасига олди. Раҳмоннинг машинасини Шольц кутиб олгандан кейин олинган суратдан уларнинг баъзи ҳужумлари муваффақиятли чиққанини кўриш мумкин.
Гуруҳ аъзоси немис полицияси томонидан бир неча дақиқа ушлаб турилиб, қўйиб юборилган, дейилади “24-гуруҳ” баёнотида.
Бу гуруҳ аъзоларидан бири Дилшод Шарифовнинг камида етти нафар қариндоши ҳибсга олинган.
Тожик фаоллари оилаларининг давлат томонидан таъқиб қилиниши узоқ вақтдан бери кучайиб бораётган тенденция бўлиб, Берлиндаги каби намойишлар мухолифатни нишонга олиш учун баҳона бўлиб келади, дейди Марказий Осиё бўйича ҳуқуқшунос Стив Свердлов.
“Хориждаги тинч намойишлар ёки халқаро конференциялар чоғида ҳукуматнинг инсон ҳуқуқларини поймол этишига қарши чиққан тожик фаолларнинг кекса ота-оналари, ака-укалари ва ҳатто болалари ҳам тажовузкор сўроққа тутилади, ишдан ҳайдалади ва кўп ҳолларда ўз қариндошларини қоралашга мажбур қилинади”, дейди Свердлов Озодлик билан суҳбатда.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
"Сен ёки оиланг"
Сўнгги йилларда Тожикистон трансмиллий қатағоннинг энг ашаддий тарафдорларидан бири сифатида кўринмоқда. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти Freedom House таъбири билан айтганда бу "диаспоралар ва сургундагилар орасидаги норозиликни қотиллик, ноқонуний депортация ва ўғирлаб кетиш орқали бостириш учун чегараларни кесиб ўтиш"дир.
Свердлов ва Жанубий Калифорния университети инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш гуруҳи тайёрлаган ҳисоботга кўра, Тожикистоннинг Россия ва Беларус каби иттифоқчилари у ёқда турсин, Ғарбий Европа ҳам бошпана изловчи тожикистонликлар учун доим ҳам хавфсиз бошпана эмас.
“Тожикистонда мажбурий йўқотилганлар” номли ҳисоботда тожик хавфсизлик кучлари томонидан аксарияти хорижда ҳибсга олинган ўнлаб фаоллар иши тилга олинади.
Ҳизбуллоҳ фаоли Шовализода Австрия суди унинг 2020 йилда бошпана сўровини рад этганидан сўнг депортация қилиниб, дарҳол уй қамоғига олинган.
Кейинчалик Вена Олий суди бу қарорни ноқонуний деб бекор қилди, бироқ бу вақтда Шовализода Тожикистонда 20 йиллик қамоқ жазосини кутаётган эди.
Кекса онаси Тожикистонда ҳибсга олинган Гадоев ҳам Россияга борганида ўғирлаб кетилган ва Тожикистонга олиб кетилганидан кейин қаттиқ калтакланган ва руҳий таҳдидларга учраганини даъво қилмоқда.
Гадоев ишига кутилмаганда катта эътибор қаратилгани учун ҳукумат унга ўзи яшаб келган Нидерландияга қайтишига рухсат берганди.
Германия ва Марказий Осиё етакчилари ўртасидаги учрашув олдидан берган баёнотида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи Human Rights Watch ташкилоти Россиянинг Украинадаги уруши ва Ғарбнинг Россия қўшни давлатлар орқали Ғарб санкцияларини четлаб ўтаётгани борасидаги хавотирлар “бу стратегик муҳим масалага янгича эътибор қаратишга сабаб бўлгани”ни айтди.
“Россиянинг Украинага бостириб кириши оқибатида юзага келган зарба тўлқинлари Марказий Осиё етакчиларини бошқа иттифоқчилар, жумладан, Европа билан ҳам яқинроқ алоқаларни излашга ундади. Германия бу янги келишувдан максимал даражада фойдаланиши керак, лекин бутун минтақа халқлари ҳуқуқларини ҳимоя қилишни шарт қилган ҳолатда”, деб ёзган Хью Уилямсон.
Бироқ “Демократия ва қонун устуворлиги” сўзлари Шольц идорасининг олти саҳифалик ҳисоботининг иккинчи саҳифасида айтилди, унда канцлер ва беш етакчи ўртасида “очиқ ва конструктив фикр алмашув” бўлгани қайд этилган, холос.