Ракета ҳужуми оқибатида Севастополда тўрт россиялик ўлди

Россия томонидан аннексия қилинган Севастополдаги ҳарбий ҳаво базаси яқинида жойлашган пляж

Россия томонидан аннексия қилинган Севастополнинг Украина Қуролли кучлари томонидан ракета зарбасига тутилиши оқибатида тўрт киши ҳалок бўлган, 140 дан зиёд киши жароҳатланган. Жабрланганларнинг аксарияти маҳаллий пляжларда дам олаётганлар бўлган.

Шаҳарнинг россиялик расмийларига кўра, қурбонларнинг уч нафари ёш болалардир. Россия Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, ракета ҳужуми ортидан 144 киши тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилган, улардан 82 нафари касалхонага ётқизилган. Жабрланувчилардан 13 нафарининг аҳволи оғир экани айтилмоқда. Маҳаллий аҳоли вакиллари ҳужум олдидан ҳаво зарбасидан огоҳлантирувчи тизим ишга тушмаганини қайд этишган.

Ракета зарбаси чоғида ҳалок бўлганлар орасида Магадан мэри ўринбосари Олег Аверьяновнинг 9 яшар қизи София ҳам бўлган. Магадан мэри телеграм-каналидаги маълумотга мувофиқ, қизча ота-онаси билан бирга пляжда бўлган. Аверьянов ва хотини жабрланган-жабрланмагани ҳақида маълумот йўқ.

Даставвал 23 июнь куни Украина ракетаси шаҳар пляжи узра уриб туширилгани, одамлар ракета парчаларидан яралангани ҳақида хабар қилинган эди.

Эндиликда ракетада кассетали каллак бўлгани ва у ҳавога қарши мудофаа тизими таъсирида ўз йўналишини ўзгартириб, пляж узра портлагани, натижада одамлар жароҳатлани иддао қилинмоқда. Бу иддаони мустақил равишда тасдиқлашнинг имкони йўқ. Ҳужум ортидан Россия Тергов қўмитаси террор хуружига оид жиноят иши очган.

Россия Мудофаа вазирлиги ҳодисани бешта ATACMS ракетаси ёрдамида амалга оширилган “терро мақсадли ракета зарбаси” деб атаган. Вазирлик ҳужум учун масъулиятни Вашингтонга юклаган, чунки, россияликларга кўра, “ATACMS тезкор-тактик ракеталарининг барча парвоз топшириқлари АҚШ разведкасининг сунъий йўлдош маълумотлари асосида америкалик мутахассислар томонидан киритилади”.

Украиналик расмийлар Севастополга берилган ракета зарбалари юзасидан ҳали изоҳ берганларича йўқ.