Ўзбекистондаги интернет нашрлар Ташқи ишлар вазирлиги Шимолий Кореянинг космик ракета учирганига хавотир билдиргани тўғрисида хабар бермоқда. Бироқ Ташқи ишлар вазирлигининг расмий сайтида, ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларида, ЎзА миллий агентлиги сайтида бу борада маълумот берилмаган.
Маҳаллий нашрлар вазирлик матбуот котиби Ахрор Бурхоновга тегишли экани айтилаётган ва 180 дан ортиқ обуначиси бўлган Фейсбукдаги саҳифага таянган ҳолда бу ҳақда маълум қилди.
Ахрор Бурхонов Фейсбук саҳифасига жойлаштирилган баёнотда “Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги 31 май куни Шимолий Корея томонидан ташувчи космик ракета учирилганидан хавотир билдиради. Ушбу ҳолат Корея ярим оролидаги кескинликнинг янада кучайишига олиб келади”, дейилади.
Баёнот давомида Ўзбекистон БМТ Хавфсизлик Кенгаши резолюцияларидан келиб чиқадиган мажбуриятларга мувофиқ оммавий қирғин қуролларининг барча турларини синовдан ўтказишдан бош тортилиши тарафдори экани қайд этилади.
“Ўзбекистон томони бундан кейин ҳам умумий фаровонлик ва тараққиёт йўлида Корея ярим оролида хавфсизликни таъминлаш бўйича фаол қадамларни қатъий қўллаб-қувватлайди", — дейилади Ахрор Бурхоновга тегишли экани айтилаётган Фейсбук саҳифасига жойлаштирилган баёнотда.
31 май куни Шимолий Корея ўзининг биринчи космик разведка ракетасини учиргани, аммо у кўп ўтмай денгизга қулагани хабар қилинган. Шимолий Корея ракета қулаганини тасдиқлаган. Жанубий Корея армияси эса денгиздан ракета қолдиқларини топган.
Шимолий Корея ракетанинг нега қулагани сабаблари аниқланганидан сўнг яна бир парвозни амалга оширишини билдирмоқда.
БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Шимолий Кореянинг бу ҳаракатини қоралаган ва Корея ярим оролидаги вазиятни кескинлаштирмаслик учун музокараларни жонлантиришни таклиф қилган.