Рамазон ҳайити арафасида Ўзбекистонда юз нафар фуқаро афв этилди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Рамазон ҳайитини арафасида “Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги фармонни имзолаган.

“Фармонга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 93-моддаси 23-бандига асосан жазо муддатини ўтаётган ҳамда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 100 нафар фуқаро афв этилди”, дейилган ЎзА хабарида.

Афв этилганларнинг 3 нафари асосий жазодан тўлиқ озод этилган, 43 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган, 10 нафарининг озодликдан маҳрум этиш жазоси енгилроқ жазо билан алмаштирилган ҳамда 44 нафар шахсга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилган.

Қайд этилишича, афв этилганларнинг 12 нафари чет эл фуқароси, 4 нафари ёши 60 дан ошган эркак, 6 нафари аёл, 52 нафари эса тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашган шахслардир.