Рамзан Қодиров Чеченистон жангарилардан тўлалигича тозаланганини билдирди

Рамзан Қодиров

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров республика ҳудудидаги охирги жангарилар ўлдирилгани ҳақида эълон қилди.

Унинг ўз Телеграм-каналида маълум қилишича, Грознийдан чақирим нарида жойлашган Қатирюрт қишлоғи яқинида ўтказилган махсус амалиёт чоғида амир Аслан Бютукаев бошчилигидаги олти кишидан иборат гуруҳ йўқ қилинган.

Қодиров амалиёт анча олдин режалангани ва режани ишлаб чиқишда шахсан ўзи иштирок этганини билдирди. Мақтуллардан айримларининг шахси аниқланган.

“Бандитлар гуруҳи икки марта таъқиб ва тўқнашувга чап беришга муваффақ бўлди. Учинчисида улар Аҳмад ҳожи Қодиров номидаги полиция полки жангчилари таъқибидан қутулолмадилар”, дейилган Чеченистон раҳбари хабарида. Қодировга кўра, Россия президенти Владимир Путин махсус амалиёт ўтказилишидан хабардор бўлган ва режага “шахсан тузатишлар киритган”.

Аслан Бютукаев 1974 йили Чечен-Ингуш АССРнинг Ачхой-Мартан қишлоғида туғилган. У Аслан Масхадов қўл остидаги кишилардан бўлган. Кавказ амирлиги тузилгани (2010 йили) эълон қилинганидан кейин Доку Умаровга қарши чиқа бошлаган. 2011 йили у Шимолий Кавказ жангарилари раҳбари билан ярашиб олган. Умаров ўлимидан кейин 2013 йили чечен жангарилари лидерига айланган. У ҳақда анчадан бери ҳеч қанақа хабар йўқ эди.