Рамзан Қодиров жиноятчиларнинг қариндошларини ўлдиришга мужда берди

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров содир этган жинояти учун қидирувда бўлганларнинг қариндошларини ўлдириш мумкинлиги тўғрисида мужда берди. "Агентство" нашрининг хабар беришича, у бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги ва Росгвардия ходимлари билан Янги йил арафасида ўтказган йиғилишида билдирган. Бу хабарни Озодлик радиоси рус хизмати 3 январь куни эълон қилди.

“Жамоат тартибини бузган ва милиция ходимига қўлини теккизган ҳар қандай шахс республикамиз меҳмонидир. Агар биз уни топа олмасак, уни қидиришда давом этмаймиз, биз унинг оиласини топамиз. Бизда доим бир удум бўлган: оталаримиз, айбдорни топа олмаса, унинг ака-укалари, отасидан ўч олишган. Биз уларнинг ўрнига қариндошидан ўч оламиз. Улар одам ўлдирадилар ва кейин: “Мен бу қариндошимдан воз кечаман”, дейди. Аммо у биз ўша қариндошидан бировини отиб ўлдирмагунимизча, ундан воз кечмайди", - деб айтган Қодиров.

Шу ўринда Озодлик радиоси рус хизмати қуйидагича изоҳ берган: “Агенство” нашри Чеченистоннинг амалдаги ҳукумати ва шахсан Қодировни танқид қилиб келувчи мухолифатдаги 1ADAT телеграм канали қилган таржимадан иқтибос келтирган.

Озодликнинг “Кавказ.Реалии” лойиҳасининг ёзишича, Қодиров бу йиғилишда ўзини танқид қилувчилардан “улар қаерда бўлмасин қутулиш керак”лигини айтган.

“Ким бизнинг нуқтаи назаримизга рози бўлмаса республикани тарк этсин. Биз кўпларни кечирдик, қўлга олинганларни бўшатдик. Чеченистонда бирон бир нарса уюштиришни олға сураётганларни аяб ўтирмаймиз. Қайси давлатда бўлмасин, биз террорчиларнинг қайтарилишини талаб қиламиз. Агар қайтармасалар, улардан биз ўз имкониятларимиз даражасида қутулишимиз керак. Улар биз ҳақимизда баҳс қилишмоқда, хоҳлаган гапларини гапиршяпти, биз буни шундайлигича қолдира олмаймиз”, – деб баёнот берди йиғилишда Қодиров.

Бу Қодировнинг судсиз жазо қўллашга қаратилган биринчи чақириғи эмас. 2022 йил октябрида у кучишлатар тузилмалар раҳбарларини ўзларига бўйсунмаган одамларни “пешонасидан отиш”га чақирган эди.