Рамазон ҳайити арафасида Чеченистонга келган ўзбекистонлик меҳмонлар Рамзан Қодировга президент Шавкат Мирзиёевдан қимматбаҳо эсдалик совға – Бухородаги “Пойи Калон ансамбли” 3d-тасвирини топширишган. Бу ҳақда Рамзан Қодиров ўз Telegram-канали орқали маълум қилди.
Мазкур ансамбль минораи Калон, масжиди Калон ва Мир Араб мадрасасидан ташкил топганини эслатган Чеченистон лидери отаси Аҳмат Қодиров шу мадрасада таҳсил олганию талабалик йилларини доим яхши сўзлар билан хотирлаганини қайд этган.
Қодиров Мирзиёевга “нафақат табрик, балки Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги самарали ҳамкорлик, сиёсий ва маданий ҳамжиҳатлик учун” миннатдорлик билдирган.
Рамзан Қодиров Telegram-каналида ёйинланган видеода унга совға қилинган “Пойи Калон ансамбли”га 925 пробали 3,4 кг кумуш ишлатилгани, майдон ва гумбазларга 999 пробали тилла суви югуртирилгани, чорчўпи эса зарварақ билан қоплангани айтилган.