Путин Рамзан Қодировнинг хотинига “қаҳрамон она” унвонини берди

Рамзан Қодиров ва Медни Қодирова.

Владимир Путин Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг хотинига “қаҳрамон она” унвонини бериш тўғрисидаги фармонни имзолади. Медни Қодирова Россида бу унвон берилган биринчи аёл бўлди.

“Қаҳрамон она” унвони бундан ташқари Ямал-Ненец мухтор вилоятида яшовчи Ольга Дяхтеренкога берилди.

Бу унвонга эга бўлган аёлларга 1 миллион рублдан иборат бир марталик пул мукофоти, ёрлиқ ва қаҳрамон она ордени берилади.

Дастлаб “қаҳрамон она” унвони 1944 йилнинг 8 июлида СССР Олий советининг фармони билан жорий этилган эди. Бундан мақсад Иккинчи жаҳон урушидан сўнг мамлакат аҳолиси сонини қайта тиклаш бўлганди.

СССР даврида жами 430 минг аёлга “қаҳрамон она” унвони берилган. Сўнгги марта бу унвон 1991 йилнинг 14 ноябрида берилган эди.

2022 йилнинг 1 июнида -Болаларни ҳимоя қилиш халқаро кунида Путин кўп болали оилалар билан учрашиб, “қаҳрамон она” унвонини қайта тиклашни таклиф қилди. 15 августда Россия президенти бу борадаги фармонни имзолаган эди.