Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Anglesly food масъулияти чекланган жамиятига (“Korzinka” супермаркетлар тармоғи) нисбатан иш қўзғатган.
Қўмита иддаосича, “Korzinka” супермаркетлар тармоғи томонидан турли хил усулларда тарқатилаётган реклама ахборотида “Кундалик харидларга энг арзон нарх”, “Энг арзон нарх - Korzinkaда”, "...Энг унумлисига келинг!" деган рекламасида фойдаланувчиларни чалғитадиган ёки чалғитиши мумкин бўлган сўз жумлаларидан фойдаланилган.
“Мазкур реклама ахборотида қайд этилган маълумотларни ўрганиш натижасида акция доирасида кундалик эҳтиёжлар учун керак бўладиган маълум бир миқдордаги маҳсулотлардан иборат бўлган каталог жорий қилинганлиги маълум бўлди”, дейилган қўмита хабарномасида ушбу каталогга киритилган маҳсулотларнинг нархлари турли супермаркетлар тармоғи ҳамда деҳқон бозорлардаги худди шундай маҳсулотларнинг нархлари бўйича ўтказилган мониторинглар натижасига кўра солиштирилганлиги ҳамда таққослаш учун ҳар бир товарнинг алоҳида эмас, балки саватнинг (каталогнинг) умумий нархи олингани аниқланганини қўшимча қилинган.
Қўмитага кўра, Anglesly food МЧЖ томонидан “энг арзон нарх” деб эълон қилинган маҳсулотларнинг алоҳида турлари бўйича нархлари бошқа супермаркетлар ва деҳқон бозорларида сотилаётган худди шу турдаги маҳсулотлар нархларидан фарқ қилмаслиги кузатилган.
“Рекламани бундай кўринишда бўлиши рекламадан фойдаланувчиларни чалғитувчи ёки чалғитишга олиб келувчи ҳолат дейилиши мумкин”, дейилган хабарномада шундан келиб чиққан ҳолда мазкур МЧЖга нисбатан “Реклама тўғрисида”ги қонуннинг 16-моддаси биринчи қисми ва “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 6-моддаси биринчи қисми талаблари бузилиши аломатлари юзасидан белгиланган тартибда иш қўзғатилгани билдирилган.
Аввалроқ Озодлик Рақобат қўмитаси томонидан Ўзбекистонда нарх-наво манипуляциясида гумонланаётган Lukoil Overseas Supply and Trading Ltd ширкатига (Россиядаги машҳур “Лукойл” компаниясининг шуъба корхонаси) нисбатан иш қўзғатилгани ҳақида хабар қилган эди.