Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Nukus xalqaro aeroporti МЧЖга қарши иш қўзғатишга қарор қилган. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати маълумот тарқатди.
Қайд этилишича, Қорақалпоғистон Республикаси Рақобат қўмитаси Нукус халқаро аэропорти томонидан амалга оширилган танлов савдоларида қонун талабларига риоя қилинганлиги юзасидан ўрганиш ишларини олиб борган.
“Ўрганишлар натижасида мазкур МЧЖ Давлат харидлари портали орқали амалга оширган 120 000 000 сўмлик танлов савдоларини ўтказишда Ўзбекистон Республикаси “Давлат харидлари” ва “Рақобат тўғрисида”ги қонунлари талабларига риоя қилмаганлиги аниқланди”, дейилган хабарномада.
Шундан келиб чиққан ҳолда, қўмита махсус комиссияси томонидан “Рақобат тўғрисида”ги қонун ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 225-сонли низоми талабларини бузиш аломатлари билан “Нукус халқаро аэропорти”га нисбатан белгиланган тартибда иш қўзғатилган ҳамда унинг натижаси юзасидан тегишли таъсир чораси қўлланилган.