Расмий: Пандемия шароитида Тошкент масжидларида 10 минглаб одам ҳайит намози ўқиди

Тошкентдаги “Ҳазрати Имом” масжидида ўқилган ҳайит намози (архив сурати)

Рамазон ҳайити муносабати билан 13 май тонгидаги ибодатга Тошкентдаги “Ҳазрати Имом” мажмуасига 18 мингдан зиёд, “Шайх Зайниддин” масжидига 30 мингдан зиёд, “Қуддуси Шариф” масжидига эса 20 мингга яқин намозхон ташриф буюрган. Бу ҳақда Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Музаффар Комилов пайшанба куни АОКАда ўтказилган брифинг чоғида маълум қилди.

Мулозимга кўра, кеча Ўзбекистон бўйича 2090 та масжиддан 2021 тасида умумий ҳисобда 2 миллион 576 минг ўзбекистонлик Рамазон ҳайити намозини адо этган. Пойтахтдаги 106 та масжидга эса байрам ибодати учун 497 минг намозхон келган.

Айни пайтда М. Комилов мамлакат бўйлаб ҳайит намози Республика махсус комиссияси томонидан белгиланган талабларга тўлиқ риоя қилинган ҳолда адо этилганини иддао қилган. Унинг айтишича, жойларда ҳайит тадбирларини юқори савияда ташкил этиш, ҳайит намози ўтказиладиган масжид ҳудудлари ва халқ сайиллари ўтказиладиган жойларда карантин талаблари, жамоат хавфсизлигини таъминлаш чоралари кўрилган. Хусусан, намозни тартибли ва карантин қоидаларига мувофиқ ўтказиш мақсадида 13 мингга яқин ички ишлар ва бошқа мутасадди ташкилотлар ходимлари, 5 мингдан зиёд тиббиёт ходимлари, 2 мингга яқин махсус транспорт воситалари жалб этилган.

Дин ишлари бўйича қўмита мутасаддиси ҳайит муносабати билан ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолига жами 13 миллиард 4 миллион сўмга яқин моддий ёрдам кўрсатилганини қўшимча қилган.