Расмий Тошкент: Трансафғон темир йўли беш йилда қурилади

Иллюстратив сурат

Ўзбекистон трансафғон темир йўли қурилиши бўйича томонлар билан тўлиқ келишувга эришди, деди транспорт вазири Илҳом Маҳкамов “Daryo.uz” нашрига берган интервьюсида.

Мулозимга кўра, ҳозирда лойиҳанинг техник-иқтисодий асослари ишлаб чиқиляпти.

“2025 йилда лойиҳага тамал тоши қўйилади деб ўйлайман. Қурилиш мураккаблигини инобатга олсак, жараён камида 5 йил давом этади”, деди вазир.

Ўзбекистон Термиз–Мозори Шариф–Кобул–Пешовар трансафғон темир йўли лойиҳасини амалга ошириш учун 2018 йилдан бери ҳаракат қилиб келади.

Қурилиш 2021 йилнинг сентябрида бошланиши режалаштирилганди. Бироқ 2021 йилнинг августида “Толибон” ҳаракати Афғонистонда ҳокимиятни эгаллаши ортидан лойиҳани амалга ошириш муддати кечиктирилган.

2022 йилнинг 18 июлидан Ўзбекистон, Покистон ва Афғонистон ушбу темир йўл қурилиши юзасидан амалий ишларни бошлагани хабар қилинганди.

Президент Шавкат Мирзиёев 2023 йил 18 август куни тадбиркорлар билан очиқ мулоқотда трансафғон темир йўлини “Жанубий Осиёга чиқадиган энг маъқул, энг арзон, энг хавфсиз йўл” деб атаган.

Даставвал янги темир йўл қурилиши 5 миллиард долларга тушиши айтилганди. Бироқ 2022 йилнинг декабрида Покистон Темир йўллар вазирлиги котиби Зафар Ранжа лойиҳа тахминан 8,2 миллиард долларга баҳоланаётгани тўғрисида баёнот берган.

Қарийб 600 километрли мазкур темир йўл Ўзбекистон ва минтақа давлатлари учун Покистон денгиз бандаргоҳларига йўл очади.

Лойиҳа тўлиқ ишга туширилган тақдирда, Ўзбекистондан Покистонга юкларни бугунгидай 35 кунда эмас, балки 3-5 кунда етказиб бериш мумкин бўлади. Бир стандарт юк контейнерини манзилга етказиб бериш нархи уч баробарга арзонлайди. Мазкур йўлдан юк ташиш ҳажми йилига 10 миллион тоннага етиши мумкин.

Таҳлилчиларга кўра, Кобул ва Исломобод ўртасидаги зиддиятлар, афғон заминидаги турли қуролли гуруҳлар фаоллиги ушбу йирик инфратузилма лойиҳасининг рўёбга чиқишига хавф туғдириши мумкин.