Ўзбекистон Яқин Шарқдаги вазият шиддат билан кескинлашаётганидан чуқур хавотирда. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги томонидан 3 октябрь куни тарқатилган баёнотда айтилган.
“Танглик даражасининг янада ортиши кенг минтақада хавфсизликка нисбатан бўлган хатар ва таҳдидларнинг мисли кўрилмаган даражада кучайишига ва бутун халқаро ҳамжамият учун олдиндан айтиб бўлмайдиган оқибатларга олиб келиши мумкин, деб ҳисоблаймиз”, дейилган ТИВ баёнотида Ўзбекистон қарама-қарши томонларни вазминликка ва кескинликнинг янада кучайишига олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатлардан тийилишга чақириши қайд этилган.
Баёнотга мувофиқ, Ўзбекистон томони можарони халқаро нормалар ва БМТ Хавфсизлик Кенгашининг қарорларига мувофиқ тинч йўл билан ҳал этиш учун шошилинч чоралар кўриш зарурлигини таъкидлаган.
Яқин Шарқ минтақасидаги вазият куни кеча Эрон томонидан Исроилга қарши уюштирилган ракета ҳужуми ҳамда Исроилнинг Ливан жанубида ҳарбий амалиёт бошлаши ортидан янада таранглашиб кетган. Ундан аввал Исроил авиацияси томонидан берилган ҳаво зарбалари оқибатида Ливандаги “Ҳизбуллоҳ” гуруҳи лидери Ҳасан Насруллоҳ ўлдирилган эди.
Мазкур радикал гуруҳ АҚШда террор ташкилоти деб тан олинган. Европа Иттифоқи эса “Ҳизбуллоҳ”нинг фақат қуролли қанотини террор ташкилоти деб билади, депутатлари Ливан парламентида ўтирган “Ҳизбуллоҳ” партияси эса, ЕИ фикрича, террор ташкилоти эмас.