МРБ директори Россияни ядровий қурол қўллаш оқибатларидан огоҳлантирди

АҚШ Марказий разведка бошқармаси директори Уильям Бернс.

АҚШ Марказий разведка бошқармаси директори Уильям Бернс Россия Ташқи разведка хизмати раҳбари Сергей Наришкин билан 14 ноябрда Анқарада учрашди. Учрашув чоғида Бернс Россияни ядровий қурол қўллаш оқибатларидан огоҳлантирди.

Олдиндан эълон қилинмаган учрашув чоғида Россия қамоқларида сақланаётган АҚШ фуқаролари, жумладан, Бритни Грайнер ва Пол Уилан тақдири муҳокама қилинди.

Бу Россия Украинага бостириб кирганидан бери Россия ва АҚШ ўртасидаги илк олий даражадаги учрашув бўлди. Учрашув сўнгги ойларда Россияни ядровий қурол қўллаш оқибатлари жуда ёмон бўлишидан огоҳлантириб келаётган АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти ташаббуси билан ўтказилди.

Октябрь ойида Россия генераллари тактик ядровий қурол қўллашни муҳокама этгани тўғрисида хабарлар пайдо бўлгани Вашингтонни ўта ташвишга солмоқда. Бу хабарлар Кремль Киевни “ифлос бомба” тайёрлаётганликда айблаётгани фонида пайдо бўлган эди.

Октябрда АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу билан ядровий қурол қўлламаслик тўғрисида телефон орқали икки марта суҳбатлашди. АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан Россия хавфсизлик кенгаши котиби Николай Патрушев билан бир неча марта телефон орқали мулоқот қилди.

Яқинда президент Владимир Путин Россия Украинада ядровий қурол қўллаш ниятида эмаслигини билдирди. Бунга қадар эса Путин бир неча маротаба Россия ҳудудий яҳлитлигини сақлаб қолиш учун ядровий қурол қўллаши мумкинлигига шама қилган эди.

New York Times газетасининг ёзишича, икки давлат разведка бошқармалари раҳбарлари учрашувида Россия ва Украина ўртасида тинчлик музокаралари ўтказиш масаласи муҳокама этилмади. АҚШ ҳукумати бу масала Украина иштирокисиз ёки унинг расмий розилигисиз муҳокама этилмаслиги шарт деган нуқтаи назарда. Украина раҳбарияти Уильям Бернс Сергей Наришкин билан учрашиши тўғрисида аввалдан хабардор қилинган.